Пандора ҳисоботи: “Арқадағ”нинг жиянлари давлат бойлигини сотувчи компанияларнинг яширин эгаси бўлиб чиқди
Олам
−
16 Октябрь 2021
10471Туркманистон минерал ўғитлари ва нефть-кимё маҳсулотлари экспорти ва импорти ўтадиган компанияларнинг ҳақиқий эгалари Президент Гурбангули Бердимуҳамедовнинг жиянлари - Ҳожимурод ва Шомурод Ражабовлар экани аниқланди. Бу ҳақда “Turkmennews” ва “Gundogar” нашрлари “Пандора архиви” ҳужжатларидан билиб олди.
Қайд этилишича, Ҳожимурод Ражабов “Гарабогазкарбамид” заводида ишлаб чиқариладиган карбамид ўғитлари экспорти ўтадиган Caran компаниясини яширинча бошқаради. Завод 2018 йилда Япония халқаро ҳамкорлик банкидан (JBIC) олинган 1,16 миллиард доллар қарз ҳисобига қурилган.
Ҳожимуроднинг укаси Шомурод Ражабов ҳудди шу тарзда Delanore компанияси билан боғланган. Компания Туркманистон кимё саноати маҳсулотлари ва нефть-газ соҳасидаги давлат корхоналари томонидан ишлаб чиқарилган нефть маҳсулотларининг сотуви билан шуғулланади.
“Пандора архиви” ҳужжатларидан маълум бўлишича, ака-ука Дубайдаги элита туманлардан 16 та квартира сотиб олган.
C4АDS суриштирув ташкилоти томонидан ОCCRP (Коррупция ва уюшган жиноятчиликни ўрганиш маркази)га тақдим этилган Дубайдаги кўчмас мулк эгалари рўйхатидан маълум бўлишича, Ҳожимурод бешта турар жой мажмуасида: Sparkle Tower 2, Damac Heights, Sadaf 4, TFG Marina ва Matrix Tower тўққизта квартирага эгалик қилади.
Шомурод Sparkle Tower 2, Damac Heights ва TFG Marina мажмуаларида еттита квартирага эга.
“Сиздирилган ҳужжатларда мулкларни сотиб олиш санаси кўрсатилмаган, лекин маълумот базага қачон киритилганига кўра, мулк 2018 йилдан кейин, Каран ва Деланор фаоллашган пайтларда сотиб олинган”, дейилади суриштирувда.
Суриштирувчилар худди шу мажмуаларда сотилган квартираларнинг нархини асос қилиб олиб, терговчилар ака-укаларнинг кўчмас мулкининг умумий қийматини 5,5 млн долларга баҳолаган.
Маълумот учун, Pandora Papers – сизиб чиққан 12 миллионга яқин ҳужжат бўлиб, улар дунё раҳбарлари, сиёсатчилар ва миллиардерларнинг махфий бойликлари ҳамда яширин келишувларини ошкор этади.
АҚШда Тадқиқотчи журналистлар халқаро консорциуми қўлга киритган маълумотлар энг йирик глобал текширувларга етаклади.
Дунёнинг 117 мамлакатидаги 600 нафардан кўпроқ журналист ер юзидаги энг қудратли инсонларнинг яширин бойликлари билан таниша олишди.
Ҳужжатларда Алиевлар оиласининг хориждаги мулклари ҳақида ҳам маълумотлар бор. Унга кўра, Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевнинг оиласи 84 та офшор компаниялар орқали Лондонда 694 млн долларга кўчмас мулкка эга бўлган. Шу билан бирга, Президентнинг ўша пайтда мактаб ва олий ўқув юртларида таҳсил олаётган фарзандлари учун офшор компаниялар рўйхатга олингани айтилган. Таъкидланишича, 2015 йилги инқироздан кейин Алиевлар кўчмас мулкини сотаётган ва компанияларини ёпаётган пайтда ҳам, активларнинг бир қисми, хусусан, Лондондаги 191 миллион долларлик кўчмас мулк Президентнинг қайнотаси Ориф Пашаев номига рўйхатга олинган.
LiveБарчаси