Пандемия шароитида аҳволимиз анча мураккаб бўларди – Содиқ Сафоев сўз ва матбуот эркинлиги ҳақида
Жамият
−
03 Декабрь 2020
5286“Сўз эркинлиги – бу инсон ривожланишининг ажралмас омилидир. Бугун биз ренессанс ҳақида, инсоннинг манфаатлари ҳақида гапирмоқчи бўлсак, бунга демократиясиз, сўз ва матбуот эркинлигисиз эришиб бўлмайди”. Бу ҳақда Халқаро пресс-клубнинг “Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунчилигида сўз ҳамда матбуот эркинлиги ва Ўзбекистонда ОАВни ривожлантириш жараёнлари” мавзусида ўтаётган давра суҳбатида Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев сўз очди.
Шу кунларда Ўзбекистонда матбуот ва сўз эркинлиги яна кун тартибида бўлиб турибди. Ноябрь ойида Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан бир қанча электрон нашрларга огоҳлантириш хатларининг юборилгани ушбу хатларни қабул қилиб олган оммавий ахборот воситалари ва кўплаб журналистлар томонидан босим сифатида қабул қилинмоқда. Мазкур ҳолат жамоатчилик, халқаро ОАВ ва халқаро ташкилотларнинг ҳам эътиборини тортмай қолмади.
Халқаро пресс-клубнинг навбатдаги сессиясида эса Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари – Инсон ҳуқуқлари Миллий маркази директори Акмал Саидов, Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов, Адлия вазири Русланбек Давлетов, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Асаджон Хўжаев, БМТнинг Ўзбекистондаги доимий мувофиқлаштирувчиси Ҳелена Фрейзер, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси Жон Мак-Грегор иштирок этмоқда.
“Сўз ва матбуот эркинлиги – бу демократиянинг қон айланиш тизимидир. Ҳукумат фаолияти ҳақида аҳолини хабардор қилиш ва айни вақтда Ҳукуматга халқ фикри, умидлари, балки норозиликларини етказиш, ҳокимият шаффофлигини таъминлаш, давлат бошқарув тизимини такомиллаштириш, жамиятнинг барқарор ривожланиши омилидир. Ҳеч қандай шак-шубҳасиз сўз ва матбуот эркинлиги – бу замонамиз талабидир”, дейди Содиқ Сафоев.
Учрашувда модераторлик қилаётган Сенат раисининг биринчи ўринбосари сўз ва матбуот эркинлигининг бугунги Ўзбекистондаги ўрнига тўхталаркан, “агар у бўлмаганда эди, пандемия даврида аҳволимиз анча мураккаб бўларди”, деган ифодаларни қўллади.
“Мен учун бир нарса равшан: агар ўз вақтида Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан мана шундай ислоҳотлар бошланмаганида, агар бизнинг жамиятимизга сўз ва матбуот эркинлиги жорий этилмаганида, пандемия шароитида аҳволимиз анча мураккаб бўларди. Биз ОАВ, жумладан электрон манбалар ва блогерлар ҳам марказда, ҳам ҳудудларда аҳолининг манфаатларини, пандемия даврида бўлган муаммоларини кескин равишда кўтаргани, буни ҳокимият олдида дадил қўйганлари учун чексиз миннатдор бўлишимиз керак. Ана шу сўзни айтишни мен ўз бурчим деб биламан”, дейди Содиқ Сафоев.
LiveБарчаси