Пандемия даврида қанча ўзбекистонлик ишсиз қолгани маълум қилинди
Жамият
−
16 Апрель 2020
15114Бир ярим миллиондан ортиқ Ўзбекистон фуқаролари коронавирус пандемияси туфайли ишсиз қолган. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Ҳусанов “Cotton Campaign“ халқаро коалициясига юборган мактубида маълум қилди.
аввал хабар берилганидек, Нозим Ҳусанов “Cotton Campaign“ халқаро коалициясига ўзбек пахтаси ва тўқимачилик маҳсулотларига қўйилган бойкотни олиб ташлашни сўраб хат йўллаган. У ўз мактубида мамлакатдаги ишсизлик даражаси ҳақида ҳам тўхталиб ўтган.
“Шу кунларда коронавирус пандемияси сабаб Ўзбекистоннинг соғлиқни сақлаш ва иқтисодиёт соҳалари мисли кўрилмаган хавфга дуч келди. Халқаро меҳнат ташкилотининг дастлабки ҳисоб-китобларига кўра, бутун дунё бўйлаб 25 миллион киши ўз ишини йўқотиши мумкин ва ишчиларнинг даромадлари камида 3,4 триллион долларга камаяди. АҚШ ва Ўзбекистон ҳам бундан ҳоли эмас.
Бугунги кунда Ўзбекистон меҳнат бозори мисли кўрилмаган босимга дуч келмоқда: республиканинг 1,5 млндан ортиқ фуқароси ишсиз. Мамлакатимизда амалга оширилаётган кескин (чоралар) изоляция туфайли 150 минг фуқаро мажбуран ишсиз қолди, чет элдан қайтган 140 мингдан ортиқ фуқаролар доимий даромадларидан маҳрум бўлишди, 200 мингдан ортиқ оила қашшоқлик ёқасида.“, дейилади хатда.
Шу муносабат билан, вазир коалициядан ўзбек пахтаси ва тўқимачилик маҳсулотларига бойкотни олиб ташлашни сўраган. Унинг таъкидлашича, ушбу тақиқни олиб ташлаш жаҳондаги тиббий ниқоб ва бошқа шахсий ҳимоя воситалари танқислигига барҳам беришга сабаб бўлади.
“АҚШ ва Европа Иттифоқи мамлакатларига экспортни қайта тиклаш COVID-19 га қарши глобал курашда муҳим роль ўйнаши мумкин. Ўзбекистон тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари қисқа вақт ичида вазиятга мослашган ҳолда шахсий ҳимоя воситалари ишлаб чиқаришни ўн баробарга оширди. Ишлаб чиқарувчи ва сотувчилар бойкотга дуч келмаганида, ўзбек тўқимачилигида тайёрланган ниқоблар, жарроҳлик либослари ва бошқа турдаги шахсий ҳимоя воситалари юзага келаётган глобал вазиятни бартараф этишда мадад бўлиши мумкин эди“, дейилади вазир мактубида.
“Cotton Campaign“ – халқаро ташкилот бўлиб, унинг мақсади пахта етиштиришда мажбурий ва болалар меҳнатини йўқ қилишдир. Унинг фаолияти туфайли Европа ва АҚШнинг ZARA, ADIDAS каби кўплаб етакчи бренд ва компаниялари ўзбек пахтаси ва тўқимачилик буюмларини сотиб олишдан бош тортган.
Маълум қилинишича, 2018 йилда “Cotton Campaign“ АҚШга Ўзбекистонни болалар меҳнати эвазига пахта йиғим-терими олиб бориладиган мамлакатларнинг тегишли рўйхатидан чиқармасликни сўраб мурожаат қилган. Бунга сабаб қилиб 2017 йилда болаларни пахта теримига жалб қилиш ҳолатлари қайд этилгани кўрсатилган.
LiveБарчаси