“Пахтакор” ОЧЛдаги ўйинларини “Бунёдкор” стадионида ўтказади
Спорт
−
14 Август 2023
4277“Пахтакор” стадиони трибуналари билан боғлиқ муаммо туфайли “шерлар” Осиё Чемпионлар лигаси (ОЧЛ) гуруҳ босқичидаги ўйинларини “Бунёдкор” стадионида ўтказади. Бу ҳақда Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси (ЎзПФЛ) матбуот хизмати хабар берди.
ОЧЛ гуруҳ босқичи 18 сентябрь куни старт олади. Мусобақага қуръа ташлаш маросими 24 августда бўлиб ўтиши режалаштирилган.
“Чемпионлар лигасида Ўзбекистоннинг 4 та клуби иштирок этиши, бироқ уларнинг қайси санада қаерда ўйнаши, ҳатто қайси турни уй ёки сафарда ўтказиши ҳам маълум эмаслигидан келиб чиқиб, Лига Ўзбекистон Суперлигасининг сентябрь, октябрь ва ноябрь ойлари учун тақвимини фақатгина 24 августдан кейин шакллантириши мумкин бўлади”, дейилади ЎзПФЛ хабарида.
Маълумот учун, Ўзбекистон клубларидан “Пахтакор” ва “Насаф” ОЧЛни гуруҳ босқичидан бошлайди, ОКМК ва “Навбаҳор” жамоаси эса саралаш баҳсларида иштирок этади.