Пахта теримига чиқмаганларга бола пули берилмаслигини айтган раис жаримага тортилди
3-саҳифа
−
10 Октябрь
4122Қашқадарё вилоятидаги маҳалла раисининг пахта теримига чиқмаганларга бола пули берилмаслиги ҳақидаги овозли хабари юзасидан Давлат меҳнат инспекцияси ўрганиш ўтказди ва раис салкам 19 миллион сўм жаримага тортилди. Бу ҳақда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги хабар берди.
Қайд этилишича, ўрганиш давомида Шаҳрисабз туманидаги “Пахтакор” МФЙ раиси Л.Ўроқов кеча, 9 октябрь куни Нушкент қишлоғининг “Нушкент бирлашайлик” Telegram-каналига ушбу овозли хабарни юбориб, ишсиз фуқароларни пахта йиғим-теримига чақиргани, шундан сўнг улар теримга келгани маълум бўлган.
Ҳолат юзасидан Л.Ўроқовга нисбатан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 51-моддаси 1-қисмига асосан базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баравари (18 750 000 сўм) миқдорида жарима қўлланган.
“Унутманг! Меҳнат кодексининг 5-моддасига асосан мажбурий меҳнат тақиқланган. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 51-моддасига мувофиқ меҳнатга бирон-бир шаклда маъмурий тарзда мажбурлаш базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараваридан 100 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади”, дейилади вазирлик хабарида.
Билдирилишича, худди шу ҳаракат такроран ёки вояга етмаган шахсга нисбатан содир этилса, Жиноят кодексининг 148²-моддасига асосан жавобгарликка тортилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ижтимоий тармоқларда Ўзбекистонда фермерларни пахтанинг арзонроқ нархига рози бўлишга мажбурлаш ҳолатлари кузатилгани, кластерлар шартнома асосида ўз зиммасига олган харажатларнинг бир қисмини ҳукумат солиқ тўловчиларнинг гарданига юклашга қарор қилгани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Ҳолат юзасидан Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тушунтириш бериб, хабарни етказишда англашилмовчилик юзага келгани ва хатога йўл қўйилганини маълум қилган.
LiveБарчаси