Жаҳон банки Ўзбекистон фуқаро авиациясини модернизация қилишга ёрдам беради
Жамият
−
28 Январь 2020
3691Ўзбекистон Ҳукумати ва Жаҳон банки маслаҳат хизматлари тўғрисида битим имзолади. Унинг мақсади миллий фуқаролик авиациясини модернизация қилишда кўмак бериш. Бу томонлар ўртасида тузилган иккинчи келишувдир. Биринчи келишув шартларига мувофиқ, банк 2019 йил август ойида маслаҳат хизматларини кўрсатишни якунлади.
Янги келишувлар Жаҳон банкининг фуқаролик авиацияси бўйича миллий сиёсатни ва турли сегментларнинг ривожланиш стратегияларини ишлаб чиқишда Ҳукуматга кўрсатадиган ёрдамини ўз ичига олади. Ушбу жараён Ўзбекистон Республикаси транспорт вазирлиги, Фуқаролик авиацияси агентлиги, “Uzbekistan Airways” АЖ, “Uzbekistan Airport” АЖ, бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан яқин ҳамкорликда амалга оширилади.
“Хавфсиз, ишончли ва самарали авиация соҳаси мамлакатда савдо, бизнес ва туризмни ривожлантиришда муҳим омил ҳисобланади. Биз бу йўналишдаги ҳукумат билан ҳамкорликни қўллаб-қувватлаймиз. Ишонаманки, унинг натижалари Ўзбекистон иқтисодиётининг янада ўсишига ва ривожланишига ёрдам беради”, дейди Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Ҳидеки Мори.
2017 йилда ислоҳотлар дастурининг амалга оширилиши бошлангандан бери Жаҳон Банки Ўзбекистонга молиявий ва техник ёрдамни кенгайтирди. Айни пайтда банкнинг мамлакатдаги инвестиция портфелининг умумий қиймати 3,5 миллиард АҚШ долларига тенг бўлиб, 21 та лойиҳани ўз ичига олади. Улар ҳукуматнинг макроиқтисодий сиёсати, қишлоқ хўжалиги, энергетика, транспорт, соғлиқни сақлаш ва таълим тизимлари, сув таъминоти ва санитария, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, шунингдек, шаҳар ва қишлоқ инфратузилмасини ривожлантиришга ҳисса қўшмоқда.
LiveБарчаси