Қобул ва 11 вилоят электрсиз қолди. Ўзбекистондан электр импорти 3 баравар тушиб кетди
Жамият
−
16 Сентябрь 2019
4713Афғонистоннинг Ўзбекистондан олаётган электр энергияси ҳажми сўнгги икки кун ичида уч бараварга пасайиб кетди. Бу мамлакатда амалга оширилган навбатдаги қўпорувилик ҳаракатлари билан боғлиқ деб кўрилмоқда.
Айни вақтда Афғонистон пойтахти Қобул ва мамлакатнинг 11 вилояти электр энергиясидан буткул узилган. Расмийларнинг билдиришича, Тожикистондан келаётган юқори вольтли электр узатиш линиясининг учта устуни портлатилган.
“Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖнинг маълум қилишича, Ўзбекистон мавжуд шартнома асосида Афғонистон Ислом Республикасига узулишларсиз электр энергияси етказилиб бермоқда (1 суткада тахминан 1,5 млн КВт/соат).
Лекин, шуни айтиш жоизки, жорий йилнинг 14 сентябрь куни соат 14:00дан кейин Ўзбекистондан Афғонистонга узатилаётган энергия миқдорини қабул қилиш даражасида кескин тушиш ҳолати рўй берган. Бу одатдагидан қарийб 3 марта кам эканлиги қайд этилган.
“Электр узатиш тармоқлари, яъни ҳаво линияларининг таянч устунларига етказилган зарар, уларни таъмирлаш ишларини ҳар бир мамлакат ўз ҳудудида ўзи амалга оширади.
Айрим сабабларга кўра таъминоти узилган электр тармоғи, тахминимизча, Афғонистон истеъмолчилари Тожикистон Республикасидан харид қиладиган ҳаво линияларида содир бўлган бўлиши мумкин. Агар ушбу тахмин тўғри бўлса, тожикистонлик ва афғонистонлик мутахассислар таъмирлаш ишларини қачон ва қай тартибда амалга оширишидан бехабармиз”, дейилади “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖнинг расмий ахборотида.
LiveБарчаси