Ғарб норози. Эрдўған “сиёсий дивидендлар” учун Айя Софияни масжидга айлантирдими?
Таҳлил
−
11 Июль 2020
13429Айя Софияни масжидга айлантирилиши тўғрисидаги хабарни эшитиб, обида олдига келган издиҳом 86 йил ўтиб муаззиннинг садоси остида тарихий воқеани фото, видеога тасмалаб ва Туркия байроқларини ҳилпиратиб, елкага тўшаб, азон охирида шодонликларидан такбир айтиб ҳайқирдилар.
Эрдўғаннинг ғолибона қарори
Бу ҳақида 10 июлда Твиттерда 16,3 млн., Фейсбукда 9,4 млн, Инстаграммда эса 8,1 миллион мухлис ўқувчиларига эга Президент Ражаб Тайиб Эрдўған таъкид ўлароқ одатдагидан кўра катта ҳарфларда имзо чеккан қарорини ижтимоий тармоқларга жойлаштира туриб, қисқача “Хайрли бўлсин”, деб изоҳ қолдирган. Бир оз ўтиб Эрдўған ўзининг телевизион мурожаатида Айя София дарвозалари турклар ва хорижликлар, мусулмон ва номусулмонлар барча учун очиқ, кириш бепул бўлишини ҳамда 24 июль жума намозидан бошлаб тўлиқ ибодат қилиш учун тегишли тайёргарликлар якунламагунига қадар у ерга тўпланишга шошмасликни сўраган. Лекин, бунга қарамасдан стихияли равишда пайдо бўлган кишилар шом ва ҳуфтон намозларини Айя София ташқарисида ўқиганлар.
Айя София атрофидаги гап-сўзлар
Адабиёт бўйича Нобель мукофоти билан тақдирланган Ферит Орхан Памук Айя Софиянинг “қайта масжидга айлантирилиши бутун дунёга, афсуски, энди биз дунёвий эмасмиз”, деган муждани англатишини билдирган. Шунингдек, АҚШ, Россия давлат ва жамоат арбоблари ҳам қарор бўйича ўз таассуфларини билдирганлар.
Ҳозирча энг кескин баёнотни Византия империясининг вориси ҳисобланувчи Греция ҳукумат аъзолари томонидан берилди. Хусусан, Греция Маданият вазири Лина Мендони “Президент Эрдўғаннинг сиёсий иродаси натижасида қабул қилинган қарор ёдгорликнинг бетакрор қадр-қиммати ва экуменик хусусиятини тан олувчи цивилизациялашган дунё учун очиқ иғво”, деб баҳолади. Маълумки, иккалови ҳам НАТО аъзолари бўлмиш Греция ва Туркия ўртасида ҳудудий зиддиятлар ҳам бор.
БМТнинг таълим, фан ва маданият бўйича ихтисослашган муассасаси ЮНЕСКО бош директори Одри Азулай хоним Туркиянинг ЮНЕСКО ҳузуридаги доимий вакилини чақириб Айя София мақомини ўзгартириш бўйича Туркия ҳукуматининг муҳокамаларсиз қилган қарори муносабати билан чуқур таассуфда экани ва жиддий хавотирини билдирган. 10 июлдаёқ чоп этилган пресс-релизда Айя София Истанбул шаҳри ҳудуди тарихий майдонларининг бир қисми, ЮНЕСКО жаҳон мероси рўйхатига киритилган мулк ҳисобланиши, мазкур объект мақомининг на маслаҳат, на мулоқот ва на олдиндан огоҳлантиришсиз ўзгартирилиши унинг умумжаҳон, умумбашарият қадр-қимматига таъсир этиб қолиши, бу каби масалалар ЮНЕСКОнинг ваколатли Жаҳон мероси қўмитаси томонидан барча манфаатдор жамоа ва ҳиссадорлар иштирокида инспекция қилиниши лозимлиги баён этилган.
Бунга жавобан Туркия Президенти матбуот котиби Айя София ҳамиша жаҳон мероси хазинасига мансуб бўлиб қолишини, у ердаги насронийларга хос маъбудлар сақланиб қолиши ва ҳеч қайси ташриф буюрувчиларга монелик бўлмаслигини таъкидлаган.
Шунингдек, Эрдўған сиёсатининг баъзи танқидчилари, COVID-19 пандемияси даврида жамоатчиликнинг кўпроқ мақтов ва қўллаб-қувватлашга сазовор бўлишга интилиш, деб баҳоладилар. Ҳозирда Туркияда 11 июль ҳолатига кўра, 210 965 нафар киши коронавирусга чалиниб, улардан 191,883 киши соғайиб, 5,123 киши вафот этган. Мамлакатда шу йил апрель ойида авжига чиққан коронавирус ортга қайтиши кузатилмоқда.
Айя София масжидга айланишига сабаб бўлган важлар
Туркия билан боғлиқ воқеаларни яқиндан кузатувчи мутахассисларнинг фикрига кўра, Айя София масаласи бир неча ўн йиллардан бери ҳокимиятда қолаётган Эрдўғаннинг кун тартибида яқин вақтгача бўлмаган. Узил-кесил қарори фурсатини эса айнан шу пайтга тўғри келиши 2019 йил март ойидаги маҳаллий сайловларда ўз электоратига берган ваъдаси, 2016 йил июлда содир бўлган давлат тўнтаришига бўлган уринишнинг 4-йиллиги билан боғлаганлар. Аввалроқ Эрдўған ушбу қарорга келишига АҚШ Президенти Дональд Трамп ўзининг сайловолди ваъдасига содиқ қолиб мўътабар Ал-Ақсо масжидини ҳам ўз ичига олган Қуддуси Шарифни Исроилнинг пойтахти сифатида эътироф этиши туртки бўлгани ва бунга нисбатан Туркия албатта жавоб беражагини омма олдида айтганди.
Айя София шуҳрати
Меъморчилик дурдонаси ҳисобланувчи Айя София мажмуаси гўзаллигига мафтун бўлиш учун 2019 йилда 3,8 миллион сайёҳ ташриф буюрган. У 537 йилда Византия императори Юстиниан I томонидан православ черкови сифатида бунёд этилган. Тарихий солномаларга кўра, Айя София қурилиш ишларига Византия империясининг 3 йиллик даромади сарфланган. У ўша вақт Римда жойлашган авлиё Петр ибодатхонаси қурилгунга қадар насронийларнинг дунёдаги энг йирик меъморий обидаси бўлиб келган. 1453 йилда Усмонийлар Константинопол, ҳозирги Истанбулни фатҳ этгандан сўнг, черковнинг чеккаларига миноралар қурдирилиб масжидга айлантирилган. 1934 йил 24 ноябрда Усмонийлар салтанати парчаланиб Мустафо Камол Отатурк ҳукуматга келганидан кейин тамаддунлараро муроса рамзи сифатида музей мақомига айлантирилиб, ибодат сифатида фойдаланиш қатъий ман этилган.
“Азонлар шаҳри”, деб ҳам номланувчи Истанбулда 3000 дан ортиқ масжид бор. Айя София иштиёқмандлари унга қоронғу тушганда ташриф буюришни хуш кўрадилар. Чунки тунда унинг гумбазлари янада маҳобатли кўриниб, тилло мозайкалар жилоси коваклар ортидан ўтиб янада товланади.
Забихулла Саипов
LiveБарчаси