Арипов яна Бош вазир бўлса, нима ўзгаради?
Жамият
−
18 Январь 2020
8167Аввал хабар берганимиздек, бугун, 18 январь куни Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сиёсий кенгашининг йиғилиши бўлиб ўтди. Унда партиядан Ўзбекистон Республикаси Бош вазирлигига Абдулла Нигматович Арипов номзоди илгари сурилди. Йиғилишда иштирок этган номзод Арипов 2030 йилгача Ўзбекистонни ривожлантириш, бу йўналишда Ҳукумат олдида турган 15 та асосий вазифаларга тўхталиб, улардан 8 таси ўта муҳим эканини таъкидлади.
Арипов урғулаган 8 муҳим вазифа қуйидагилар:
биринчи – халқ билан мулоқотни давом эттириш, аҳолининг турмуш даражаси ва сифатини изчил ошириш, уларнинг қонуний талаб, эҳтиёж
ва мурожаатларини ўз вақтида қаноатлантириш бўйича комплекс чора-тадбирларни тизимли асосда амалга ошириш;
иккинчи – “Халқ давлат органларига эмас, давлат органлари халққа хизмат қилиши керак” деган тамойил асосида давлат бошқаруви органлари, хўжалик бирлашмалари, шунингдек, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари фаолияти самарадорлигини тубдан такомиллаштириш;
учинчи – макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш, банк-молия тизимини ислоҳ қилиш, солиқ сиёсатини такомиллаштириш, иқтисодиётни, энг аввало, унинг базавий тармоқларини, агросаноат комплексини жадал ривожлантириш, фаол инвестиция ва ташқи иқтисодий сиёсатни амалга ошириш;
тўртинчи – иқтисодий ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, давлатнинг иқтисодиётдаги иштироки даражасини камайтириш, давлат корхоналарини бошқаришни такомиллаштириш, хусусий мулкчиликни янада ривожлантириш
ва мулкдорларнинг ҳуқуқларини қонуний ҳимоя қилинишини мустаҳкамлаш;
бешинчи – тадбиркорликни давлат томонидан қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш ва қулай бизнес муҳитини шакллантириш;
олтинчи – ҳудудларни, айниқса, иқтисодий ва ижтимоий жиҳатдан орқада қолаётган туманлар ва шаҳарларни комплекс ривожлантириш, замонавий йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини яратиш;
еттинчи – ижтимоий соҳани янада ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, иш ҳақи, пенсия ва аҳолининг реал даромадларини ошириш
ва аҳолининг муҳтож қатлами ижтимоий ҳимоясини кучайтириш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш;
саккизинчи – таълим, илм-фан, соғлиқни сақлаш, жисмоний тарбия ва спорт, маданият ва санъат соҳасини янада ривожлантириш, фаол ёшлар сиёсатини амалга ошириш, аёллар меҳнати ва турмуши учун зарур шарт-шароитлар яратиш, уларнинг ижтимоий ва ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш.
Бош вазир лавозимига номзод мазкур устувор вазифаларни амалга ошириш учун асосий эътиборни Ҳукумат аъзоларининг фаолият самарадорлиги
ва натижалари бўйича шахсий масъулиятини ошириш юзасидан комплекс чора-тадбирлар кўрилишига қаратилишини қайд этди. Мазкур устувор вазифаларни амалга ошириш мақсадида тегишли қонунлар, ҳар бирида иқтисодиёт тармоқлари
ва ижтимоий соҳани ривожлантириш бўйича узоқ муддатли дастурлар ҳамда уларни амалга ошириш механизмларини назарда тутувчи тегишли қонунлар, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукумати ҳужжатлари лойиҳалари ишлаб чиқилади.
Хусусан, Ўзбекистон Республикасини 2030 йилга қадар ижтимоий-иқтисодий комплекс ривожлантириш концепцияси, Урбанизация концепцияси
ва 2020–2025 йилларда саноатни ривожлантириш концепцияси, шунингдек, иқтисодиёт тармоқларининг ўрта муддатга мўлжалланган стратегия – “йўл хариталари” ишлаб чиқилиши режалаштирилган.
Номзод томонидан тақдим этилган Ҳукуматнинг яқин муддатга ва узоқ истиқболга мўлжалланган Ҳаракатлар дастури йўналишлари қўллаб-қувватланди ва тасдиқланди.
Мажлис сўнгида Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сиёсий Кенгашининг мамлакат Бош вазири лавозимига Абдулла Арипов номзодини Ўзбекистон Республикаси Президентига кўриб чиқиш учун тақдим этиш тўғрисидаги қарори қабул қилинди.