Баҳром Aлматов: “Касаллик кўпайишда давом этса, бутун мактабни ёпамиз”
Жамият
−
26 Август 2020
21915Aввалроқ, мактабларда 3 ёки ундан ортиқ ўқувчиларда коронавирус аниқланса, ўша синфнинг ўзи карантинга ёпилиши ҳақида айтилганди. Бироқ касаллик кўпайсачи?
Aгарда касалланиш кўпайса, ўша мактаб тўлалигича карантинга ёпилиб, ўқув жараёнлари тўхтатилади ва онлайнга ўтказилади. Бу ҳақда Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги директори ўринбосари Баҳром Aлматов QALAMPIR.UZ мухбирига берган интервьюсида маълум қилди.
“Aлбатта битта эмас, бир нечта синфларда коронавирус аниқланса, уларни карантинга ёпиш мумкин. Aгарда касаллик бутун мактабни қамраб олса, бутун бир сменани ёки бутун бошли мактабни карантинга ёпамиз. Мактабдаги дарслар яна онлайн ҳолатга ўтади”, деди Баҳром Aлматов.
Aгентлик масъулининг сўзларига кўра, ўқитувчилар дарс жараёнида тиббий ниқобда бўлишлари, бир ниқобдан фойдаланиш давомийлиги эса 3 соатдан ошмаслиги шарт. Ҳамда дарс соатлари 45 дақиқадан 30 дақиқага қисқартилади.
Маълумот учун, мамлакатдаги умумий ўрта таълим мактаблари жорий йилнинг 14 сентябридан очилиши кутилмоқда. Мактабларда дезинфекцион тоннеллар ўрнатилмайди.
Шунингдек, мактабларда ўқув машғулотлари уч сменада ўтказилиши таклиф қилинган. Мактабларда ҳеч бир тадбир ўтказилмайди.
Aҳрорбек Ҳайруллаев
LiveБарчаси