Озарбайжоннинг Арманистонга нисбатан ҳудудий даъвоси йўқ – Алиев

Олам

image

Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев Бакунинг Ереванга нисбатан ҳудудий даъвоси йўқлигини билдирди. Бу ҳақда у “Euronews” телеканалига берган интервьюсида гапириб ўтган.

Журналист Анелиз Боржес Илҳом Алиевга Қорабоғда яшовчи фуқаронинг сиёсатчиларни уруш бошлаб, ўғилларини ўлдиришда айблаган воқеани айтиб берган. Аёлнинг фикрича, сиёсатчилар урушларни бошламасдан, муаммоларни дипломатия йўли билан ҳал қилиши керак.

“Сизнинг вазифангиз нима деб ўйлайсиз? Барқарор тинчлик ўрнатиш ёки урушда ғалаба қозониш?” дея сўраган журналист Алиевдан.

Президент эса унга жавобан тинчликка эришиш учун Арманистон буни хоҳлаши кераклигини айтган.

“Энди тинчлик масаласи кун тартибида. Агар Арманистон тинчлик истаса, биз бунга эришамиз. Чунки бизнинг Арманистонга нисбатан ҳудудий даъволаримиз йўқ. Биз эса уларнинг Озарбайжонга нисбатан ҳудудий даъволари бўлишини истамаймиз”, дейди Илҳом Алиев.

Унинг сўзларига кўра, Россия кучлари томонидан вақтинча назорат қилинадиган Қорабоғ ҳудудида яшовчи одамлар Озарбайжон фуқаролари.

“Қорабоғ аҳолиси танлов қилишига тўғри келади – улар Озарбайжон фуқароси сифатида яшашадими ёки кетишадими, бу уларнинг танлови. Бу биз уларнинг кетишини хоҳлаётганимиз учун эмас, Арманистон бизни уюшган этник тозалашда айблагани учун ҳам эмас. Биз уларга танлаш имкониятини берамиз”, дея қўшимча қилган у.

Шунингдек, Илҳом Алиев яқин ойларда Арманистон билан тинчлик музокаралари муваффақиятли якунланишига умид қилишини айтган.

“Биргина тўсиқ – Арманистон Қорабоғни Озарбайжоннинг бир қисми сифатида расман тан олишни истамаган. Ҳа, улар буни оғзаки баёнотлар билан қилди, бу ҳам уларнинг позициясидир. Лекин улар ҳужжатни имзолашлари керак. Умид қиламанки, Арманистон билан тинчлик музокаралари муваффақиятли якунланади ва бу яқин ойларда амалга ошади”, дейди Озарбайжон Президенти.


Мақола муаллифи

Теглар

Озарбайжон Илҳом Алиев Арманистон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг