Озарбайжонлик аёл метрода фарзандли бўлди (видео)
Олам
−
09 Август 5903 1 дақиқа
Кеча, 8 август куни Баку шаҳридаги метронинг “20 январь” бекатида йўловчи аёл фарзандли бўлди. Бу ҳақда “Oxu.az” хабар берди.
Маълум қилинишича, она фарзандини дунёга келтириш чоғида унга метро ходимлари биринчи ёрдам кўрсатган. Тез ёрдам келгач, туғуруқ амалга оширилган ва она ҳамда чақалоқ шифохонага етказилган.
У ерда уларга зудлик билан зарур тиббий ёрдам кўрсатилган. 2005 йилда туғилган она ҳомиладорлик патологияси бўлимига жойлаштирилган бўлиб, унинг аҳволи барқарор дея баҳоланган.
Бироқ 36-ҳафтада муддатидан олдин туғилган ўғил чақалоқнинг аҳволи қониқарли эмас. Оғирлиги 2200 грамм, бўйи 47 см бўлган гўдак реанимация бўлимига жойлаштирилган. Ҳозирда у шифокорлар назоратида.
Маҳаллий нашрларга кўра, метрода туғилган бола “махсус йўловчи” мақомини олади. Унга 25 ёшга тўлгунга қадар метрода бепул юриш ҳуқуқи берилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистоннинг Қарағанда шаҳрида аёл автобус бекатида фарзанд кўрганди. Туғилиш тушлик пайтида, аёл автобус кутаётганида юз берган. Гувоҳларнинг сўзларига кўра, туғуруқ жараёни жуда тез бошланган. Шу сабабли аёл туғуруқхонага етиб боришга улгурмасдан, фарзандини автобус бекатида дунёга келтиришга мажбур бўлган.