Озарбайжон ва Арманистон 30 йил деганда тил топишди
Олам
−
08 Декабрь 2023
10130Кеча, 7 декабрь куни Озарбайжон Республикаси Президенти Администрацияси ва Арманистон Республикаси Бош вазири девони тинчлик шартномаси тузилиши ҳақида қўшма баёнот билан чиқди.
“Озарбайжон Республикаси ва Арманистон Республикаси минтақада узоқ кутилган тинчликка эришиш учун тарихий имконият яратилди, деган фикрда. Иккала давлат ҳам муносабатларни нормаллаштириш ва суверенитет ва ҳудудий яхлитлик тамойилларини ҳурмат қилиш асосида тинчлик шартномасига эришиш ниятини тасдиқлайди”, дейилади баёнотда.
Қуйида ҳужжат матни келтирилган:
“Озарбайжон Республикаси Президенти Администрацияси ва Арманистон Республикаси Бош вазири девони ўртасидаги музокаралар натижасида икки давлат ўртасидаги ишончни мустаҳкамлаш бўйича аниқ қадамлар қўйиш бўйича келишувга эришилди.
Озарбайжон Республикаси инсонпарварлик тамойилларига амал қилган ҳолда ва хайрихоҳлик белгиси сифатида 32 нафар арман ҳарбий хизматчисини озод қилмоқда.
Ўз навбатида, Арманистон Республикаси ҳам инсонпарварлик тамойилларига амал қилган ҳолда ва хайрихоҳлик белгиси сифатида 2 нафар озарбайжонлик ҳарбий хизматчини озод қилди.
Арманистон Республикаси Озарбайжон Республикаси номзодини қўллаб-қувватлаш мақсадида БМТнинг Иқлим ўзгариши бўйича доиравий конвенцияси (COP-29) иштирокчилари конференсиясининг 29-сессиясига мезбонлик қилиш учун ўз номзодини хайрихоҳлик сифатида қайтариб олади. Озарбайжон Республикаси ва Арманистон Республикаси Шарқий Европа гуруҳининг бошқа давлатлари ҳам Озарбайжон номзодини қўллаб-қувватлашига умид қилмоқда. Озарбайжон Республикаси хайрихоҳлик сифатида Шарқий Европа гуруҳидан Арманистон Республикасининг COP Бюроси аъзолигига номзодини қўллаб-қувватлайди.
Озарбайжон Республикаси ва Арманистон Республикаси яқин келажакда қўшимча ишончни мустаҳкамлаш чора-тадбирларини амалга ошириш бўйича музокараларни давом эттирадилар ва халқаро ҳамжамиятни икки давлат ўртасида ўзаро ишончни мустаҳкамлашга ёрдам берадиган ва бутун Жанубий Кавказ минтақасига ижобий таъсир кўрсатадиган саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашга чақиради”.
Арманистон Бош вазири Никол Пашинян Х (собиқ Twitter) ижтимоий тармоғида қўшма баёнот қабул қилингани муносабати билан изоҳ берди.
“Озарбайжон инсонпарварлик қадриятларидан келиб чиқиб, хайрихоҳлик белгиси сифатида 32 арман аскарини озод қилмоқда. Ўз навбатида, инсонпарварлик қадриятларидан келиб чиққан ҳолда ва хайрихоҳлик белгиси сифатида Арманистон икки нафар озарбайжонлик ҳарбий хизматчини озод қилмоқда”, дейди Бош вазир.
LiveБарчаси