Озарбайжон ва Арманистон ҳудудий даъволаридан воз кечади
Олам
−
12 Август 3489 5 дақиқа
Кеча, 11 август куни Озарбайжон ва Арманистон тинчлик битими матнини эълон қилди. Унда улар бир-бирига нисбатан ҳудудий даъволардан воз кечиши белгиланган. Ушбу ҳужжат Арманистон ва Озарбайжон Ташқи ишлар вазирликлари расмий сайтида жойлаштирилган.
Ушбу тинчлик битими 17 моддадан иборат. У ҳали имзоланмаган ва ратификация қилинмаган. Қуйида унинг таржимаси келтирилади. Ҳужжат ўзаро яхши қўшничилик муносабатларини ўрнатишга интилишини ифода этиб, томонлар қуйидаги асосда тинчлик ва ўзаро давлатлараро муносабатларни ўрнатишга келишади:
1-модда. Томонлар бир-бирининг суверенитетини, ҳудудий яхлитлигини, чегараларнинг дахлсизлигини ва сиёсий мустақиллигини тан олади ва ҳурмат қилади.
2-модда. Томонлар бир-бирларига ҳудудий даъволарга эга эмасликларини тасдиқлайди ва келажакда бундай даъволарни илгари сурмайди. Улар бир-бирининг ҳудудий яхлитлигини бузишга қаратилган ҳеч қандай ҳаракат қилмаслик мажбуриятини олади.
3-модда. Томонлар куч билан таҳдид қилишдан тийилади. Улар ўз ҳудудларидан учинчи давлат томонидан бир-бирларига қарши куч ишлатилишига йўл қўймайди.
4-модда. Томонлар бир-бирининг ички ишларига аралашишдан тийилади.
5-модда. Тинчлик битими бўйича ратификация ҳужжатлари алмашинилгандан сўнг томонлар _ кун ичида (эълон қилинган ҳужжатга кўра аниқ муддат ҳозирча белгиланмаган) дипломатик муносабатлар ўрнатади.
6-модда. Томонлар давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилиш бўйича келишувга эришиш учун чегара комиссиялари иштирокида виждонан музокаралар олиб боради.
7-модда. Томонлар умумий чегара бўйлаб учинчи мамлакатларнинг қуролли кучларини жойлаштирмайди. Делимитация ва кейинги демаркациядан олдин чегарадош ҳудудларда барқарорликни таъминлаш мақсадида, жумладан, ҳарбий соҳада ҳам, ўзаро келишилган хавфсизлик ва ишончни мустаҳкамлаш чоралари қабул қилинади.
8-модда. Томонлар муросасизлик, ирқий нафрат ва камситиш, сепаратизм, зўравон экстремизм ва терроризмнинг барча кўринишларини қоралайди ва уларга қарши курашади, шунингдек, халқаро мажбуриятларни бажаришга рози бўлади.
9-модда. Қуролли тўқнашувлар чоғида бедарак йўқолган шахслар масалалари икки томон иштирокида ҳал қилинади. Улар барча маълумотлар билан бевосита ёки халқаро ташкилотлар ҳамкорлигида алмашади. Томонлар йўқолган шахсларнинг тақдирини аниқлаш ва адолатни таъминлаш – ярашув ва ишончни мустаҳкамлаш воситаси сифатида муҳимлигини тан олади.
10-модда. Томонлар иқтисодий, транспорт, экологик, гуманитар ва маданий ҳамкорликни ўз ичига олган турли соҳаларда битимлар тузишлари мумкин.
11-модда. Ушбу битим томонларнинг БМТга аъзо бошқа давлатлар билан тузилган шартномалардаги ҳуқуқ ва мажбуриятларини чекламайди. Аммо мавжуд халқаро битимлар томонларнинг ушбу тинчлик битими бўйича мажбуриятларини бузмаслиги лозим.
12-модда. Томонлар ўзаро муносабатларда халқаро ҳуқуқ нормалари ва ушбу битимга амал қилади. Ҳеч ким ўз ички қонунчилигидаги қоидаларни асос сифатида кўрсатишга ҳақли эмас. Томонлар битим кучга киргунига қадар унинг мақсади ва мазмунини бузадиган ҳаракатлардан тийилади.
13-модда. Томонлар тинчлик битимининг ижросини назорат қилиш учун икки томонлама комиссия тузади. У ўз фаолиятини икки томон келишган тартиб асосида олиб боради.
14-модда. Томонлар тинчлик битимига оид ҳар қандай низоларни бевосита маслаҳатлашув йўли билан ҳал қилишга интилади. Агар улар олти ой ичида қониқарли натижага эришмаса, томонлар низоларни тинч йўл билан ҳал этишнинг бошқа усулларини излайди.
15-модда. Тинчлик битими кучга кирганидан кейин бир ой ичида томонлар барча давлатлараро даъволарни ҳар қандай юридик инстанцияда қайтариб олиши ва ҳал қилиши лозим. Улар келажакда бундай даъволарни бошламаслик, учинчи томонларнинг бир-бирларига қарши ишларида иштирок этмаслик ва ҳар қандай соҳада душманона ҳаракатларни рағбатлантирмаслик мажбуриятини олади.
16-модда. Тинчлик битими томонлар миллий қонунчилигида назарда тутилган ички жараёнлар тугаллангани ҳақидаги билдиришномалар алмашилган пайтдан кучга киради.
17-модда. Битим арман, озарбайжон ва инглиз тилларида тузилган. Учала матн тенг кучга эга, аммо ҳар қандай қоиданинг маъноси юзасидан келишмовчилик юзага келганда инглизча вариант устун кучга эга бўлади.
Қайд этиш жоиз, ушбу ҳужжат кучга кириши учун уни икки мамлакат раҳбарлари имзолаши ва парламентлари ратификация қилиши лозим.
Маълумот учун, Озарбайжон ва Арманистон ўртасидаги ёмонлашув асосан Қорабоғ можаросидан келиб чиққан. Совет даврида Тоғли Қорабоғ Озарбайжон таркибида бўлса-да, аҳолининг катта қисми арманлардан иборат эди. 1980 йилларнинг охирида СССР парчалана бошлаганда, арман миллатчилари ҳудудни Арманистонга қўшишни талаб қилди, бу эса миллатлараро кескинликни кучайтирди.
1988 йилда қуролли тўқнашувлар бошланди, 1991 йилда урушга айланиб, 1994 йилда Россия воситачилигида Бишкек сулҳи имзоланди. Натижада арман кучлари Тоғли Қорабоғ ва атрофидаги 7 туманни эгаллаб олди, Озарбайжон эса бу ҳудудларни босиб олинган, деб ҳисоблаб келди. 2020 йилнинг сентябрь-ноябрь ойларида 44 кунлик уруш бўлиб, Озарбайжон Туркия ёрдами ва замонавий қуроллар ёрдамида катта ҳудудларни, жумладан Шуша шаҳрини қайтариб олди. Россия воситачилигида сулҳ тузилиб, Арманистон Қорабоғдан ташқари уч туманни Озарбайжонга топширди.
2023 йил сентябрда Озарбайжон “антитеррор операцияси” орқали бутун Тоғли Қорабоғ устидан тўлиқ назорат ўрнатди ва ҳудуддаги арман аҳолиси деярли тўлиқ Арманистонга кўчиб кетди. Ҳозирда ёмонлашувнинг асосий сабаблари чегара масалаларининг ҳал қилинмагани, йиллар давомида уруш ва миллий адоват туфайли ўзаро ишончсизликнинг юқорилиги, Зангезур коридори бўйича келишмовчиликлар ва геосиёсий омиллардир.
Эслатиб ўтамиз, Озарбайжон ва Арманистон кеча, 8 август куни АҚШ воситачилигида АҚШ Президенти Дональд Трамп билан учрашув чоғида кўп йиллик можаролардан сўнг икки томонлама иқтисодий алоқаларни ривожлантирувчи ва уларни ўзаро муносабатларни тўлиқ нормаллаштиришга олиб келадиган тинчлик битимини имзолаганди. Трампнинг айтишича, икки давлат урушни тўхтатиш, дипломатик муносабатларни очиш ва бир-бирининг ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилиш мажбуриятини олган.
Live
Барчаси“Самарқанд дарвоза”да Tahoe ёниб кетди
19 Декабрь