Озарбайжон Россияга “душманлик учун” норозилик нотасини топширди

Олам

image

Россиянинг Биринчи каналидаги “Катта ўйин” кўрсатувидаги душманона гаплар муносабати билан Озарбайжон Россияга норозилик нотасини юборди. Бу ҳақда Озарбайжоннинг Москвадаги элчихонаси хабарида айтилади. 

Маълум қилинишича, Озарбайжон Республикасининг Россия Федерациясидаги элчихонаси жорий йилнинг 20-21 октябрь кунлари Биринчи каналдаги “Катта ўйин” кўрсатуви эфиридаги душманона баёнотлар муносабати билан Россия Ташқи ишлар вазирлигига расмий норозилик нотасини юборган. 

“Дастур эфирида россиялик сиёсатшунос ва арман миллатига мансуб экспертлар Озарбайжонга қарши очиқдан-очиқ ҳужумлар уюштирган, Озарбайжон Республикасининг ҳудудий яхлитлиги шубҳа остига олинган, мамлакатнинг кўрсатилган географик харитаси бузиб тасвирланган”, дейилади хабарда.  

Нотада таъкидланишича, ток-шоу меҳмонлари ўз чиқишлари билан арман жамиятида реваншист кучларни қўзғатади, ўтмишда қолиб кетган можарони қайта жонлантиради ва сепаратизмни очиқ қўллаб-қувватлайди, икки халқ ўртасида адоват уруғини сепади. 

Элчихонанинг таъкидлашича, давлат телеканалида нохолис баёнотлардан фойдаланиш ва очиқ сиёсий провокацияларга йўл қўйиш нафақат Россиянинг мамлакат Президенти томонидан қайта-қайта билдирилган расмий позициясига зид келади, балки минтақада тинчлик, барқарорлик, хавфсизлик узоқ муддатли истиқболни таъминлаш бўйича кўрилган чораларга ҳам путур етказади.  

“Минтақадаги мўрт тинчлик шароитида кескинликни келтириб чиқарадиган ва вазиятни кескинлаштириши мумкин бўлган провокацияларнинг олдини олишда ОАВ вакилларига алоҳида масъулият юкланади”, дейилади баёнотда.

Қорабоғ уруши

1990-йиллар бошида минтақа қуролли можаро билан қамраб олинганди: Арманистон Озарбайжонга қарши агрессив ҳарбий ҳаракатларини бошлади, бу билан Озарбайжон ҳудудларини босиб олишга оид азалий режаларини амалга оширишга киришди.  Мазкур режанинг марказий қисми Қорабоғни Озарбайжондан бир томонлама ажратиб олиш ва уни Арманистон таркибига қўшиб олиш бўлган. Натижада Арманистон мазкур минтақани, жумладан, Хўжали ва Озарбайжоннинг бошқа еттита туманини ишғол этди. Ушбу агрессиянинг оқибати сифатида уруш 30 минг инсоннинг бошига етди. Бир миллионга яқин озарбайжонликлар қочоққа ва мажбурий кўчманчига айланди, минглаб одамлар дом-дараксиз йўқолди.

Озарбайжон ва Арманистон 2020 йил айнан Қорабоғ ҳудуди масаласида ўзаро ҳисоб-китоб қилиб олди. Иккинчи Қорабоғ уруши ёки “Ватан муҳорабаси” номи билан тарихга кирган ҳарбий тўқнашувлар 2020 йилнинг 27 сентябрь куни бошланиб, 44 кун давом этди. 2020 йилнинг 9 ноябридан 10 ноябрга ўтар кечаси “Тоғли Қорабоғда ўт очишни тўхтатиш ҳақида”ги баёнот имзоланди. Уруш якунларига кўра, Туркия қўлловидаги Озарбайжон ғалаба қилди. Россиянинг ёрдамига умид қилган Арманистон эса мағлубиятга юз тутди. 

Ҳарбий салоҳияти бўйича дунёда 11-ўринда турувчи Туркия Қорабоғ урушида фаол тарзда Озарбайжонни ҳам руҳий, ҳам сиёсий, ҳам ҳарбий жиҳатдан қўллади. Аслида, Туркия Биринчи Қорабоғ урушидан бери Озарбайжонни қўллаб келади. 2010 йилда икки давлат ҳарбий ҳамкорлик борасида стратегик шерикликка эришгач, ушбу қўллов амалий кўриниш касб эта бошлади. Шундан сўнг, Туркия Озарбайжон Қуролли Кучлари учун зобитлар тайёрлаб, ушбу давлатга қурол экспорт қилиш бўйича Россия ва Исроилдан сўнг учинчи ўринга чиқди. Айниқса, ўтган 2020 йилда қурол экспорти 6 баробарга ортиб кетди. Тоғли Қорабоғдаги тўқнашувлар олдидан эса бу икки давлат ўзаро ҳарбий дала ўқув машғулотларини ўтказди. Машғулотлар якунида Туркия Озарбайжонда 2 та F-16 қирувчи самолётини ҳам қолдиргани айтилади. Туркияда ишлаб чиқарилган “Bayraktar” учувчисиз ҳарбий аппаратларининг ҳам Озарбайжон ғалабасини таъминлашдаги ўрни юқори бўлди.

44 кунлик уруш якунларига кўра, Озарбайжон армияси мамлакатнинг 5 шаҳри, 4 та посёлка ва 286 та қишлоғини арман босқинчиларидан озод қилди. Озарбайжон Қуролли Кучларининг 2, 9 мингдан ортиқ ҳарбий хизматчиси ўз она юртларини озод қилиш учун курашда ҳалок бўлди.


Мақола муаллифи

Теглар

Озарбайжон-Россия

Баҳолаганлар

160

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг