Путин Лавровдан Алиевга салом ва рус тилига ҳурмат учун раҳмат йўллади
Олам
−
28 Февраль 2023
3672Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев билан Бакуда бўлиб ўтган учрашувда унга Россия Президенти Владимир Путиннинг саломи ва дўстона тилакларини етказди. Учрашув кеча, 27 февраль куни бўлиб ўтган.
“Аввало, Президент Путиннинг энг самимий саломи ва дўстона тилакларини етказаман. У шахсан иттифоқчилик ҳамкорлигимиз ривожланишига катта эътибор қаратади”, деган Лавров.
Вазир ўзининг Озарбайжон пойтахтига ташрифи ўтган йилнинг 22 февралида Москвада имзоланган иттифоқчилик ҳамкорлиги тўғрисидаги икки томонлама декларациянинг бир йиллигига тўғри келишига эътибор қаратди. Унинг сўзларига кўра, икки мамлакат ўртасидаги барча соҳалардаги амалий ҳамкорлик, хусусан, барча сиёсий, жумладан, энг юқори даражадаги мунтазам алоқалар туфайли самарали ривожланмоқда.
“Президент Путин билан муҳокама қилганингиздек, нафақат икки томонлама, балки минтақавий ва ҳаттоки глобал хусусиятга эга бўлган бир қанча мега-лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда. Кўпгина ҳамкорларимиз ушбу лойиҳаларга қизиқиш билдирмоқда. Бу ҳам ушбу минтақада Россия ва Озарбайжон етакчи иштирокидаги ҳамкорлик қанчалик истиқболли эканлигидан далолат беради”, дея қўшимча қилган Россия ТИВ раҳбари.
У, шунингдек, томонларнинг гуманитар ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдор экани, бу икки давлат фуқароларининг ўзаро саёҳатларининг юқори суръатларидан далолат эканини таъкидлади. Бундан ташқари, Лавров Алиевга рус тилини қўллаб-қувватлашга эътибори учун миннатдорлик билдирган.
“Ишончим комилки, ташриф сиз ва Президент Путин белгилаган соҳаларда олдинга силжишга ёрдам беради”, дея хулоса қилди вазир.
Ўз навбатдаги, Озарбайжон Президенти Лаврондан Владимир Владимирович салом ва эзгу тилакларимни етказишини сўраган.
“Ҳайдар Алиевич Алиев хотирасига бўлган меҳр-муҳаббат учун миннатдорлик билдиришингизни сўрайман. Биз буни жуда қадрлаймиз”, деган Илҳом Алиев.
Унга кўра, Озарбайжон ва Россия ўртасидаги муносабатлар тўлиқ ривожланмоқда, ҳар икки давлат ҳам бу йилга яхши старт билан кирмоқда.
“Ўтган йил муносабатларимиз жуда динамик характерга эга бўлганлиги билан ажралиб турди, Президентлар даражасида бир неча учрашувлар бўлди, сиз Озарбайжонга ҳам ташриф буюрдингиз, ҳамкасбингиз Россияга ташриф буюрди. Биз бу йилни, менимча, яхши бошламоқдамиз”, дейди Алиев.
Ўтган йилнинг 22 февралида Озарбайжон ва Россия Федерацияси ўртасида иттифоқчилик ҳамкорлиги тўғрисидаги декларация имзолангани икки давлат ўртасидаги муносабатларни ривожлантириш йўлидаги жуда муҳим қадам бўлганини таъкидлади.
“У [декларация] моҳиятан муносабатларимиз руҳи ва моҳиятини, муносабатларимизнинг тўпланган ижобий ресурсини ўзида акс эттиради, шунингдек, келгуси йиллар учун ўзаро ҳамкорлик йўлларини белгилаб беради”, дея қўшимча қилди давлат раҳбари.
Унинг таъкидлашича, Баку нафақат сиёсий мулоқот, энергетика, транспорт, савдо, гуманитар ҳамкорлик каби ўзаро ҳамкорликнинг анъанавий йўналишларида, балки иттифоқчиларнинг ўзаро ҳамкорлиги даражасига кўтарилиши зарур бўлган соҳаларда ҳам жиддий ўзаро қадамларга таянади.
Алиев, шунингдек, икки давлат фуқароларининг ўзаро саёҳатларининг коронавирусдан олдинги динамикаси тикланаётганини айтди. Унинг сўзларига кўра, Озарбайжон ва Россия авиаташувчилари ҳафтасига 135 та рейсни амалга ошираётгани шундан далолат беради.
“Бу, менимча, рекорд даражадаги ютуқ бўлиб, бу мамлакатларимиз фуқаролари бир-бирларига катта мамнуният билан ташриф буюришларини кўрсатади”, дейди Президент.
LiveБарчаси