Озарбайжон фуқароларини Францияга саёҳат қилишдан тийилишга чақирди
Олам
−
02 Июль 2023
3930Озарбайжон Ташқи ишлар вазирлиги ўз фуқароларини Францияга саёҳат қилишдан тийилишга чақирмоқда. Бу ҳақда вазирлик сайтида келтирилган.
“Францияда келиб чиқиши жазоирлик ўсмирнинг полиция томонидан шафқатсизларча ўлдирилиши оқибатида юзага келган тартибсизликлар, полициянинг оммавий зўравонлиги, фуқароларнинг итоатсизлиги, расмийлар томонидан тегишли чоралар кўрилмагани, ирқчилик тенденцияларининг янада кучайганини ҳисобга олиб, Озарбайжон Республикаси Францияга кераксиз ташриф буюришдан тийилиши керак ва ташриф буюрувчиларга жуда эҳтиёт бўлиш тавсия этилади, дейилади вазирлик хабарида.
Шунингдек, ҳозирда Францияда бўлган Озарбайжон Республикаси фуқароларидан хавфсизлик қоидаларига риоя қилишлари сўралган.
Франциядаги вазият
Жорий йилнинг 27 июнь куни Парижга яқин Нантер шаҳрида йўл ҳаракати қоидаларини бузган Наэль исмли 17 ёшли жазоирлик йигитни полиция тўхтатган. Бироқ Наэль полицияга бўйсунмаган. Полициячи эса унга қарата ўқ узган. Ҳайдовчи кўкрагига ўқ тегиб вафот этган.
Шундан сўнг, мамлакатнинг турли шаҳарларида тартибсизликлар бошланган. 29 июнь куни бир неча ўнлаб полиция машиналари, комиссарлик ва маъмурий органлар бинолари ёқиб юборилган, таълим муассасаларига зарар етказилган. 30 июнга ўтар кечаси Ички ишлар вазирлиги давом этаётган тартибсизликларни бостириш учун 40 минг полициячини сафарбар этган. Мамлакатнинг айрим шаҳарларида махсус кучлар кўчаларни патруль қилишда зирҳли техника ва вертолётлардан фойдаланган.
Айрим шаҳарларда соат 21:00 ёки 22:00 дан бошлаб комендантлик соати, шунингдек, тунги вақтда жамоат транспортида чекловлар жорий этилган. Мамлакатда вазият кескинлигича қолмоқда.
Франция Президенти Эммануэль Макрон Twitterʼда марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдирган. Шунингдек, Макрон Франциядаги тартибсизликлар ортидан ЕИнинг Брюсселдаги саммитини тарк этган.
Бундан ташқари Франция Президенти тартибсизликларга компютер ўйинлари сабаб бўлганини айтганди.
LiveБарчаси