“Озарбайжон деярли русийзабон давлат”. Путин Москва ва Баку ярашганини айтди
Олам
−
10 Октябрь 2025 6087 3 дақиқа
Озарбайжон ва Россия ҳеч қандай муаммосиз равишда алоқаларини ривожлантиради ҳамда ҳар икки мамлакатда мавжуд катта режаларни амалга оширади. Бу ҳақда бугун, 10 октябрь куни Россия Президенти Владимир Путин Душанбедаги матбуот анжуманида маълум қилди.
Журналистнинг икки томонлама муносабатлардаги инқироздан чиқиш йўлларини белгилаб олинди-ми, ёки маълум бир совуқлик сақланиб қолди-ми, деган саволига жавоб берар экан, Владимир Путин Россия ва Озарбайжонда қандайдир давлатлараро муносабатлар инқирози бўлган, деб ҳисобламаслигини, жорий йилда содир бўлган воқеалар эҳтимол, кўпроқ ҳиссиётлар инқирози эканини қайд этди.
“Агар бу ҳақиқий давлатлараро инқироз бўлганида, савдо-иқтисодий алоқалар ўсмаган бўларди. Аммо биз кўрган ва бошдан кечирган барча ҳолатларга қарамай, ўзаро товар айирбошлаш ўсишда давом этди ҳамда сезиларли даражада ўсди. Қандай қилиб бу давлатлараро инқироз бўлиши мумкин?
Мен айтган бўлардимки, бу эҳтимол, кўпроқ ҳиссиётлар инқирози эди. Сабаби тушунарли. Чунки биз жуда оғир, фожиали ҳодиса – самолёт ва ундаги йўловчилар ҳалокати билан юзма-юз келдик. Шу боис, бунга осойишта ёндашиб, тушуниб олишимиз учун вақт керак эди”, деди Россия раҳбари.
Путиннинг сўзларига кўра, Embraer 190 самолёти 2024 йил 25 декабрь куни Баку-Грозний йўналишида парвоз қилаётганда Қозоғистоннинг Ақтау шаҳри яқинида қулаганидан сўнг, уда мураккаб техник экспертизалар ўтказиш, “қора қути”ларни топиш, уларни “расшифровка” қилиш, Мудофаа вазирлиги олган барча маълумотлар билан таққослаш, ҳам Россиянинг, ҳам Қозоғистоннинг диспетчерлик хизматлари маълумотларини жамлаш керак бўлган.
“Мен ўзим, Ленинград университетининг юридик факультетида ўқиганимда, транспорт прокуратурасида амалиёт ўтаганман ва шундай ишлар билан шуғулланган терговчига бириктирилган эдим. Мен бу ишнинг қандай бўлишини биламан. Бу аввал қарашда зерикарли туюлиши мумкин, аммо унда хато қилиш мутлақо мумкин эмас.
Ниҳоятда биз буни амалга оширдик. Биз Илҳом Ҳайдарович билан бу терговни холис ўтказиш учун қўлимиздан келган барча ишни қиламиз, деб келишган эдик. Халқаро давлатлараро авиация қўмитаси ҳам ўтказган терговга биз тақдим этган барча материаллар жалб қилинди.
Ҳозир тергов якунланиш арафасида, умуман олганда, ҳаммаси тушунарли. Эҳтимол, мутахассислар расмийлаштириши лозим бўлган баъзи майда-чуйда масалалар қолгандир. Биз кеча айнан шу ҳақда Озарбайжон Президенти билан гаплашдик”, деди Путин.
Озарбайжон билан “бу саҳифани ёпганига” умид қилишини айтган Россия етакчиси икки мамлакат логистикада ҳам, саноат кооперациясида ҳам, гуманитар соҳада ҳам катта режаларни амалга оширишини урғулади.
“Шуни ҳам эсга солмоқчиман: Озарбайжон деярли русийзабон давлат. У ерда деярли ҳамма жойда рус тили ўрганилади. Бу ҳам мамлакатда Россия билан муносабатларни ривожлантиришга чуқур, барқарор муносабат борлигидан далолат беради. Мен келажакда ҳам шундай бўлишига жуда ишонаман.
Ҳиссиётлар – уларсиз бўлмайди. Лекин уларни шундай ҳолатда ушлаб туриш керакки, ишга ва олға ҳаракатга халақит бермасин. Умид қиламанки, буларнинг барчаси ортда қолди”, деди Путин.
Embraer 190 самолётининг қулаши
2024 йил 25 декабрь куни Azerbaijan Airlines авиакомпаниясининг Баку-Грозний йўналишидаги самолёти ҳалокатга учради. Самолётда 62 нафар йўловчи ва беш нафар экипаж аъзоси бўлган. Самолёт қулашида 38 киши ҳалок бўлди, 29 киши омон қолди. AZAL Embraer 190 самолёти ҳалокатининг дастлабки сабаби сифатида ташқи жисмоний ва техник таъсирларни кўрсатди.
Озарбайжон парламенти депутати Расим Мусабеков Россия томони Azerbaijan Airlines фуқаролик самолётини ҳаво ҳужумидан мудофаа ракетаси билан уриб туширгани учун узр сўраши кераклигини айтди. Кейинчалик Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков Россия Президенти Владимир Путин Озарбайжон етакчиси Илҳом Алиевдан 2 марта кечирим сўраганини маълум қилди.
Кеча, 9 октябрь куни бир йиллик танаффусдан кейин Владимир Путин Илҳом Алиев билан Тожикистонда учрашди. Путин учрашувни самолёт фожиасига оид вазиятни муҳокама қилишдан бошлашни таклиф этди. У Россия товон тўлаш масаласида зарур ишларни амалга оширишга тайёр эканини билдирди.
Live
БарчасиАлиев ишчи ташриф билан БААга борди
02 Февраль