Озарбайжон АҚШ билан муносабатларни қайта кўриб чиқмоқчи
Олам
−
08 Октябрь
5400Озарбайжонда 43 нафар депутат мамлакат Ташқи ишлар вазири Жайҳун Байрамовга АҚШ билан ҳамкорликни қайта кўриб чиқишни сўраб мурожаат қилди. Бу ҳақда “Trend” хабар берди.
Нашрга кўра, мазкур мурожаатда АҚШ билан ҳамкорликни қайта кўриб чиқиш учун баъзи чоралар кўриш сўралган. Жумладан, 1997 йилда имзоланган “Келажакдаги ҳарбий ва мудофаа алоқалари тўғрисидаги қўшма баёнот”ни ва 2013 йилда Озарбайжон ва АҚШ мудофаа вазирликлари ўртасида имзоланган жиҳозлар хариди ва ўзаро хизмат кўрсатиш бўйича келишувни бекор қилишга чақирилган.
Қайд этилишича, бу АҚШ Конгресси аъзолари томонидан АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен номига юборилган мурожаатга жавобан қилинган.
“Шуни аниқлаштириш керакки, биз бу мурожаат Давлат департаменти томонидан ташкил этилганига шубҳа қилмаймиз. Озарбайжонга нисбатан ирқий дискриминацияни ўз ичига олган ушбу мурожаат туҳмат билан тўла, мулоқот руҳига зид. У қабул қилиб бўлмайдиган ва халқаро ҳуқуққа қарама-қарши бўлиб, Қўшма Штатлар икки томонлама муносабатларнинг силлиқ давом этишидан манфаатдор эмаслигини кўрсатмоқда”, дейилади мурожаат мактубида.
Бундан ташқари, улар Вашингтоннинг Ереванга катта молиявий ёрдам ажратиб, Озарбайжон ва Арманистон ўртасида зиддият қўзғашга уринишини таъкидлаган. Парламент аъзоларига кўра, бу ёрдам Арманистонни қайта қуроллантиришга ёрдам берган ва уни тинчлик музокараларида конструктив бўлмаган позицияни эгаллашга ундаган. Шунингдек, улар Қўшма Штатлар Жанубий Кавказга геосиёсий рақобатни олиб кириб, минтақада бўлиниш чизиқларини яратаётганини билдирган.
Маълумот учун, 3 октябрь куни тахминан 60 нафар америкалик конгрессмен АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкенга мурожаат қилиб, Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевга инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишни қўллаб-қувватлаш ва келаси ой мамлакат пойтахти Баку шаҳрида бўлиб ўтадиган COP29 иқлим саммити арафасида сиёсий маҳбусларни озод қилиш учун босим ўтказишни сўраган эди.
LiveБарчаси