Озарбайжон Россия газидан воз кечаётган Европага ёрдам беришга қарор қилди
Олам
−
14 Март 2022
9560Озарбайжон Туркия орқали Европага газ етказиб беришни кўпайтиради. Бу ҳақда Озарбайжон Энергетика вазири Парвиз Шаҳбозов маълум қилган.
“Европага табиий газ етказиб бериш кўпаяди. Жанубий газ йўлаги ҳали фойдаланилмаган имкониятларга эга. Туркия билан биргаликда Европага катта ҳажмдаги газ етказиб беришимиз мумкин. Бу борада Европа Иттифоқи ва қардош Туркия билан алоқадамиз”, дейди Шаҳбозов.
Энергетика вазирининг сўзларига кўра, Озарбайжоннинг 2,6 триллион куб метр тасдиқланган газ захираси бор, шу сабаб 100 йил давомида ички истеъмол ҳамда Европага етказиб бера олади.
Маълумот ўрнида, 2020 йил 31 декабрда Озарбайжон Транс-Адриатик газ қувури орқали Европага тижорий мақсадда газ етказиб беришни бошлаган. Европа бозорига 25 йилга ҳисобланган етказиб беришлар йилига 10 миллиард куб метрдан ортиқ экспортни назарда тутади. Шундан 8 миллиард куб метрни Италия, 1 миллиард кубометрдан Греция ҳамда Болгария олади.
Айтиш жоизки, жорий йилнинг февраль ойи бошида АҚШ Россия Украина билан бўладиган уруш натижасида газ экспортини тўхтатса, Европага газни Қатардан импорт қилишда воситачилик қилишини билдирганди.
Россия-Украина уруши фонида Европада газ нархи кундан-кунга ошиб бораётганди. Жорий йилнинг 7 мартига келиб, 1000 куб метр учун 3000 доллардан ошиб, тарихий рекордни янгилади. Сўнгги маълумотларга кўра, Европада савдолар вақтида газ нархи 1 000 куб метр учун 1 300 долларгача тушган.
LiveБарчаси