Ой тупроғи асосида Ердаги сув манбаи ўрганилди
Олам
−
28 Январь 1905 4 дақиқа
Ерда сув қаердан пайдо бўлгани фан учун очилмаган сир. Бу савол бугун яна илмий муҳокамалар марказига айланди. NASA олимлари бу синоатни очиш учун Ой тупроғи орқали ўрганиш олиб борди. Бу ҳақдаги тадқиқот “The News International” сайтида эълон қилинди.
Қайд этилишича, NASA томонидан олиб борилган янги тадқиқот олимларни Ер сувларининг келиб чиқиши ҳақидаги назарияни қайта кўриб чиқишга ундаган. Олимлар Apollo миссиялари вақтида тўпланган Ой тупроғи ёрдамида метеоритлар Ерга қанча сув олиб келгани ва бу жараён қачон содир бўлганини аниқлашга уринган.
Нега айнан Ой?
Ер геологик жиҳатдан хотираси заиф сайёра ҳисобланади. Чунки Ер юзини об-ҳаво, тектоник ҳаракатлар ва вулқон фаоллиги каби жараёнлар доимий равишда янгилаб боради. Яъни, сув айланиши, тупроқ ҳосил бўлиши, иқлимнинг барқарорлиги учун қулай муҳит мавжуд. Аммо олимлар учун бу жараёнлар қадимий тарихни ўрганишда катта тўсиқ бўлиб келмоқда. Ернинг илк даврлари ҳақида тўлиқ тасаввурга эга бўлишни қийинлаштиради. Шу сабабли олимлар Ой, Марс ёки астероидлардаги сақланган архивлар орқали ўрганиш ишларини олиб боради.
Ой юзасини қоплаган чанг ва майда жинслардан иборат қатлам миллиардлаб йиллар давомида содир бўлган метеорит зарбаларининг изларини сақлаб келмоқда. Шу боис у гўё Қуёш тизимининг тарихий архиви вазифасини бажаради. NASA олимлари айнан шу космик архив орқали қадимги метеоритларнинг таркибини ўрганишга қарор қилган.
Тадқиқот қандай олиб борилди?
Тадқиқот NASA’нинг Жонсон номидаги Космик Маркази ҳамда Ой ва сайёра институти ҳамкорлигида амалга оширилган. Илмий гуруҳга постдокторант Тони Гаргано раҳбарлик қилган. Олимлар Apollo миссиялари орқали Ерга олиб келинган Ой тупроғини ўрганган. Авваллари метеоритларни аниқлаш учун ер тупроғидаги металл элементлар асос қилиб олинган. Масалан, темир ёки никель излари метеорит келиб чиқишини кўрсатиши мумкин. Лекин муаммо шунда эдики, Ойга ёки Ерга метеоритлар кучли зарба билан урилганда, металл элементлар кимёвий жиҳатдан ўзгариб кетади. Шунинг учун уларни ишончли белги сифатида ишлатиш қийин.
Бу сафар олимлар бошқа усулни танлаган. Улар кислород изотопларини ўрганишмоқда. Кислород атомининг турли “оғирликдаги” шакллари (изотоплари) мавжуд ва ҳар бир метеорит тури ўзига хос изотоп комбинациясига эга. Бу худди одамнинг бармоқ изига ўхшаб ўзгармас ҳисобланади. Энг муҳими, кислород изотоплари ҳатто жуда кучли зарбалар ёки экстремал шароитларда ҳам ўзгариб кетмайди. Шу сабабли олимлар метеоритнинг қайси турдан эканини аниқроқ билиб олишлари мумкин бўлди.
NASA тадқиқотининг хулосасига кўра, Ер сувининг асосий манбаи фақат метеоритлар бўлиши мумкин эмас. Олимларнинг таъкидлашича, сувнинг келиб чиқишини изоҳлаш учун бошқа назариялар ҳам керак. Ер мантиясида қадимдан сув молекулалари бўлган бўлиши ёки кометалар ҳам сув олиб келган бўлиши мумкин.
Ой юзасидаги материалларнинг камида 1 фоизи сув сақловчи, карбонатга бой метеоритлар орқали келиб тушган. Бу метеоритлар таркибида ҳақиқатан ҳам сув молекулалари мавжуд бўлган, Ой Ерга нисбатан камроқ зарбаларни қабул қилган.
Шу нуқтада муҳим савол туғилади: агар Ойда бу миқдор атиги 1 фоиз бўлса, Ерда-чи? Олимларнинг ҳисоб-китобларига кўра, Ер кўпроқ зарбалар олган бўлса ҳам метеоритлар орқали келган сув миқдори Ер океанларидаги сув ҳажмини изоҳлаш учун етарли эмас. Демак олимларнинг Ер сувининг асосий қисми кеч даврдаги метеорит зарбалари орқали келиб чиққан деган узоқ йиллик назарияси тўғри эмас.
NASA’нинг сайёралар бўйича олими ва тадқиқот ҳаммуаллифи Жастин Саймон бу борада эҳтиёткор хулоса билдиради.
“Натижалар метеоритлар Ерга сув олиб келган бўлиши мумкинлигини инкор этмайди. Аммо улар Ер океанларининг асосий манбаи бўлган деган фикрни қўллаб-қувватламайди”, дейди у.
Демак, метеоритлар сувнинг фақат кичик бир қисмини олиб келган бўлиши мумкин. Энди сув қаердан келган? Тадқиқот Ер сувининг келиб чиқиши ҳақидаги саволга якуний жавоб бермайди, аммо янги йўналишларни кўрсатади. Олимлар энди бир неча эҳтимолни жиддий ўрганмоқда: сув Ер шаклланиши жараёнида ички қатламларда мавжуд бўлган бўлиши мумкин; Қуёш туманлигидаги водород билан реакциялар натижасида ҳосил бўлган ёки сайёра илк даврда метеорит зарбалари орқали сувга эга бўлган бўлиши мумкин.
NASA олиб борган ушбу тадқиқот Ой фақат Ернинг табиий йўлдоши эмас, балки сайёра тарихини сақлаб келаётган космик гувоҳ эканини яна бир бор тасдиқлаган. Ой тупроғидан олинган маълумотлар шуни кўрсатадики, метеоритлар Ерга сув олиб келган, аммо бу сув океанларнинг пайдо бўлиши учун етарли бўлмаган.
Суннатова Фарангиз
Live
Барчаси