Отиб ўлдирилган Япония собиқ бош вазирининг беваси Путиннинг ҳузурига борди (видео)

Олам

image

Кеча, 29 май куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Япония собиқ бош вазири Синдзо Абэнинг беваси Аки Абэ билан учрашди. Бу ҳақда Кремль матбуот хизмати хабар берди.

“Турмуш ўртоғингиз Россия-Япония муносабатларини ривожлантириш учун жуда кўп иш қилган. Мен у билан жуда самимий шахсий алоқаларни ўрнатган эдим”, дейди Путин.

Аке Абе эса Путинга турмуш ўртоғи билан олиб борган фаол ҳамкорлик ва икки давлат ўртасидаги муносабатларни ривожлантириш йўлидаги ҳаракатлар учун миннатдорлик билдирган.

“Мен сиёсатчи эмасман ва ҳозир сиёсий масалаларга тўхталишни истамайман. Фақат бир нарсани айтмоқчиман – Россия Япония учун жуда муҳим қўшнидир. Агар мана шундай мураккаб даврда ҳам маданий алмашинувлар ва инсоний алоқалар давом этса мен жуда хурсанд бўлардим”, деган у.

Маълумот учун, Синдзо Абэ Япония ҳукуматини 2006-2007 ва 2012-2020 йилларда бошқарган. У Путин билан нисбатан яқин муносабатда бўлиб, ўз фаолияти давомида Япония ва Россия ўртасидаги энергетика соҳасидаги ҳамкорлик ҳамда Жанубий Курил оролларида қўшма хўжалик фаолиятини йўлга қўйган. Гап Кунашир, Шикотан, Итуруп ва Хабомаи ороллари ҳақида кетмоқда. Иккинчи Жаҳон уруши якунида бу ороллар устидан эгалик масаласи ҳал қилинмаган бўлиб, бу Москва ва Токио ўртасида ҳудудий зиддиятларга сабаб бўлган.

Абэ 2020 йилда истеъфога чиққан. У 2022 йилнинг июль ойида сайловолди митинг вақтида Нара шаҳрида қилинган суиқасд оқибатида вафот этган. Унга 41 ёшли Япония фуқароси Тетсуя Ямагами томонидан бир неча марта ўқ узилган.

Абэнинг ташаббуси билан бошланган Россия-Япония ҳамкорлиги 2022 йил баҳорида, Украина уруши сабаб Россияга қарши жорий этилган санкциялар фонида тўхтатилган. Шундан сўнг Россия тинчлик шартномаси бўйича музокараларни давом эттиришдан бош тортган. Бироқ 2025 йилнинг апрелида Япония мураккаб муносабатларга қарамай, Жанубий Курил ороллари масаласи ва тинчлик шартномасига оид музокараларни давом эттиришга тайёр эканини билдирди.

Токио позициясига кўра, Россия тўртта жанубий оролни Японияга топшириши керак. Россия эса 1956 йилдаги СССР декларациясига таянади ва фақат тинчлик шартномаси имзолангач, икки оролни топшириш эҳтимолини тан олади.

Абэга суиқасд

2022 йилнинг 8 июль куни Япониянинг собиқ Бош вазири Синдзо Абэ кўчадаги чиқиши давомида отиб кетилди. 41 ёшли япониялик Тетсуя Ямагами қўлбола ўқотар қурол билан уни икки марта отиб ташлади. Абэ қутқарув вертолётида шифохонага етказилди. Шифокорлар унга қон қуйишди ва бир неча соат давомида унинг ҳаёти учун курашди. Собиқ Бош вазир 67 ёшида вафот этди.

12 июль куни Токиодаги Зожожи ибодатхонасида оила аъзолари, яқин дўстлари ва ҳамкорлари учун шахсий буддист дафн маросими бўлиб ўтди. Абэнинг жасади кремация қилинди.


Мақола муаллифи

Теглар

Владимир Путин Синдзо Абэ Аки Абэ

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг