Ота-оналар “Open budget”га овоз беришга мажбурланди. Жазони эса ўқитувчи олди

3-саҳифа

image

Ижтимоий тармоқларда Чирчиқ шаҳридаги 8-сонли умумтаълим мактаби ўқитувчиси ўқувчиларнинг ота-оналаридан “Ташаббусли бюджет” доирасида овоз беришни талаб қилгани айтилаётган аудио хабар тарқалди. Мазкур ҳолат юзасидан вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси муносабат билдирди.

Сиздирилган аудиода ўқитувчи ота-оналар соат 14:00 атрофида болаларини мактабдан олиб кетиш учун келишини айтиб,  барча ота-оналар мактабнинг ўзида “Ташаббусли бюджет” учун овоз бериши шартлигини айтган.

“Бугун болаларингизни олиб кетиш учун соат 14:00 да келасиз, барча телефонини олиб келсин. Шу ернинг ўзидан “Ташаббусли бюджет”га овоз берасиз. Мен администрациянинг 1-“а” синф умуман овоз бермаяпти, деган гапларидан чарчадим. Мен билмайман, қандай овоз берасиз, кимнидир олиб келасизми, қаердандир оласизми, ҳар бирингиз битта ёки иккита овоз беришингиз шарт”, дейилади овозли хабарда.

Чирчиқ шаҳар Мактабгача ва мактаб таълими бўлими масъуллари томонидан олиб борилган ўрганиш ишларига кўра, мазкур 8-сонли умумтаълим мактаби 2024 йилда мукаммал таъмирдан чиққан. Лекин мактабнинг атрофи девор ва панжара билан тўлиқ ўралмагани сабабли мактаб маъмурияти ҳудудни девор ва панжара билан ўраш мақсадида “Ташаббусли бюджет”да иштирок этмоқда.

“Мактабда бугунги кунда жами 1300 та ўқувчи таҳсил олаётганини инобатга олган ҳолда барча педагог ходимлар ва ўқувчилардан биттадан овоз беришга жалб этилган, лекин овоз беришга ҳеч ким мажбур қилинмаган”, дейилади муносабатда.

Бошқарманинг билдиришича, юқоридаги ҳолатда мактабнинг бошланғич синф ўқитувчиси М.Л. ўз ташаббуси билан ота-оналарни ҳам жалб қилишга ҳаракат қилган. 

“Бу баъзи ота-оналар томонидан нотўғри талқин қилинган. Мактаб маъмурияти томонидан овоз йиғиш масаласида ҳеч кимга қатъий талаб қўйилмаган. Жами тўпланган овозларнинг барчаси шу кунга қадар ихтиёрий ва шаффоф тарзда йиғилган”, дейилади хабарда.

Ваҳоланки, ижтимоий тармоқларда тарқалган аудиода ўқитувчи мактаб маъмуриятидан 1-“а” синф умуман овоз бермаяпти, деган гапни эшитишдан чарчаганини айтганини эшитиш мумкин.

Билдирилишича, юқоридаги ҳолат бўйича бошланғич синф ўқитувчиси М.Л билан тушунтириш ишлари олиб борилган ва ҳайфсан интизомий жазо чораси қўлланилган. Мактаб раҳбари эса огоҳлантирилган.

Маълумот учун, “Ташаббусли бюджет”нинг 2025 йилги 1-мавсуми учун лойиҳалар 1-20 февраль кунлари давомида киритилди. Саралашдан ўтган лойиҳаларга 11-20 март кунлари овоз йиғилади. Ғолиблар 21 март – Наврўз байрами куни эълон қилинади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова ўқитувчиларни “Ташаббусли бюджет” доирасида овоз йиғишга мажбурламасликка ва бундай ҳолат юз берган тақдирда ўқитувчиларни вазирликка хабар беришга чақирганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Open budget Ота-она

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг