Осиё кубогини Ўзбекистонда ўтказиш учун бор имкониятни ишга соламиз – Равшан Эрматов

Спорт

image

Аввалроқ, Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғиз Республикаси футбол бўйича 2031 йилги Осиё кубогини биргаликда ўтказиш бўйича ариза юборгани ҳақида хабар берилган эди. Бу борада футбол оммасидан келиб тушган саволларга Ўзбекистон футбол ассоциацияси биринчи вице-президенти Равшан Эрматов жавоб берди.

“Осиё кубоги қитъамизнинг энг нуфузли футбол турнири ҳисобланади. Шу сабабли мезбонликка даъвогар мамлакатлар кўпчиликни ташкил этади. Ҳозирда ОФК аризаларни қабул қилмоқда. Кейинги босқичда уларни тасдиқлайди ва расман эълон қилади. Имкониятларни ўрганиб чиқиш жараёни шундан сўнг бошланади. ОФК махсус инспекцияси даъвогар мамлакатлар талабларга қанчалик мослигини аниқлайди. Осиё футбол конфедерацияси қитъамизнинг барча ҳудудларида футбол янада ривожланиши тарафдори. Айни пайтгача миллий жамоалар ўртасидаги Осиё кубоги аксарият минтақаларда бўлиб ўтган. Марказий Осиё ушбу турнирга ҳозирча мезбонлик қилмаган. ОФК бизнинг минтақага ҳам ўзининг энг катта мусобақаси мезбонлигини тақдим этишига умид билдирамиз”, дейди Эрматов.

Шунингдек, Равшан Эрматов Осиё кубоги мезбонларига қандай талаблар қўйилиши ва ушбу мамлакатлар бунга тайёр-тайёрмаслигига ҳам алоҳида тўхталди.

“Агар охирги йилларни оладиган бўлсак, Ўзбекистон учта йирик мусобақага мезбонлик қилди. U-20 ва U-23 Осиё чемпионатлари мезбонлигига номзодимизни юборганимизда дастлаб ОФК бизнинг қанчалик тайёр эканлигимиз борасида ўйланди. Кейинчалик барча талабларни ўз вақтида ва сифатли бажарганимиздан сўнг ҳеч қандай шубҳага ўрин қолмади. Меҳмонхоналар, логистика, транспорт ва бошқа йўналишлар халқаро стандартларга мослаштирилди. Ҳозир ташкилий жиҳатдан ОФК ишончини қозонганмиз, деб ўйлайман. Халқаро мақомдаги стадионларимиз ҳам бор. Лекин бизга сиғими каттароқ стадионлар керак. Осиё кубогининг энг муҳим ўйинларини қабул қилиш учун 40-50 минг кишилик стадионлар талаб этилади. Биз бу масалада бир қанча лойиҳаларни кўриб чиқяпмиз. Қўшниларимиз ҳам барча шароитларни тақдим этишга тайёр. Масалан, Қирғиз Республикаси пойтахти Бишкекда 51 минг мухлисга мўлжалланган стадион қурилиши бошлаб юборилган. Ишончим комил, агар турнир бизга топширилса, Марказий Осиё тарихдаги энг ёрқин форумлардан бирини ўтказа олади”, дейди ЎФА биринчи вице-президенти.

Равшан Эрматов Осиё кубоги мезбонлигининг Ўзбекистон учун қандай ижобий томонлари борлиги ҳақида ҳам гапирди.

“Биринчи навбатда бу футбол мухлислари учун катта байрам. Бугун Осиё футболи ривожланиб боряпти. Энг яхши юлдуз футболчилар қитъамизга келиб ўйнашяпти ва осиёликлар Европанинг энг йирик клубларига йўл олишяпти. Уларнинг ҳаммаси Осиё кубогида иштирок этади ва юртимиз майдонларида унутилмас учрашувлар ўтказишади. Қолаверса, миллий жамоамиз ҳам ўз ҳудудида янада яхшироқ иштирок этишга ҳаракат қилади. Қўшни қардош мамлакатлар билан муносабатларимиз янада мустаҳкамланади. Замонавий футбол инфратузилмаси ривожланади ва мутахассисларимиз халқаро тажрибага эга бўлади. Бутун дунё футбол жамоатчилиги эътибори нафақат футболимизга, балки мамлакатларимиз туризм салоҳияти, маданияти ва тарихига қаратилади. Ўз навбатида, футбол орқали юртимиз равнақига ҳисса қўшиш имконияти пайдо бўлади. Барча соҳалар сингари футбол ҳам комплекс ва кенг қамровли ҳаракатлар билангина ривожланиб боради. Катта лойиҳалар таъсири энг кичик футбол мактабларигача кириб боради. Шу сабабли, биз Осиё кубоги каби турнирни юртимизга олиб келиш учун бор имкониятимизни ишга соламиз”, дейди Равшан Эрматов.

Маълумот ўрнида, Ўзбекистонда 2024 йилда Футзал бўйича Жаҳон чемпионати ва аввалроқ, футбол бўйича U-20 ҳамда U-23 терма жамоалари ўртасида Осиё кубоги ўтказилган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Ўзбекистон Осиё кубоги Ўзбекистон футбол ассоциацияси биринчи вице-президенти Равшан Эрматов

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг