Осиё Кубоги 2028 йилга қолдирилиши мумкин

Спорт

−

image

Саудия Арабистонида 2027 йил январь ойида ўтказилиши режалаштирилган Осиё Кубоги зарурат туғилса, бир йилга кечиктирилиб, 2028 йилга қолдирилиши мумкин. Бу ҳақда Осиё футбол конфедерацияси (ОФК) президенти Шайх Салмон бин Иброҳим ал-Халифа маълум қилди.

Сўнгги кунларда минтақадаги ҳарбий кескинлик кучайиб, Саудия Арабистонида хавфсизлик билан боғлиқ хавотирлар ортди. Шу сабабли қитъанинг энг йирик футбол мусобақасини белгиланган муддатда ўтказиш масаласи муҳокама қилинмоқда.

“Биз ноябрь ойининг охиригача кутишимиз мумкин”, дейди ОФК президенти кеча, 14 октябрь куни Цюрихда журналистлар билан суҳбатда.

2027 йилги Осиё Кубоги 7 январь куни Саудия Арабистонининг Жидда, Ар-Риёд ва Ал-Хубар шаҳарларида бошланиши режалаштирилган.

“Минтақадаги вазият жуда тез ўзгариши мумкин. У яхши томонга ҳам, ёмон томонга ҳам ўзгариши эҳтимолдан холи эмас. Шунинг учун вазият қандай ривожланишини кузатишимиз керак.

Агар қарор қабул қилиш зарурати туғилса, буни амалга оширамиз. Керак бўлса, мусобақани бир йилга кечиктириб, 2028 йилда ўтказишимиз мумкин. Ҳозирча эса вазиятни кузатяпмиз ва барчаси режа бўйича кетмоқда”, дейди Шайх Салмон бин Иброҳим ал-Халифа.

Минтақадаги вазият футбол мусобақалари тақвимига ҳам таъсир кўрсатмоқда. Жорий йилнинг 12 октябрь куни Фарғонанинг “Нефтчи” жамоасининг Криштиану Роналду бошчилигидаги “Ал-Наср” клубига қарши Осиё Чемпионлар лигасидаги учрашувини бир соатга кечиктирди. Бунга Саудия Арабистони бошчилигидаги ҳарбий коалиция Ар-Риёд томон учирилган ракетани тутиб олгани ҳақидаги хабарлар сабаб бўлган.

Шунингдек, Саудия Арабистони миллий чемпионатидаги учта учрашув, жумладан, “Ал-Наср” иштирокидаги баҳс ҳам шу ҳафта қолдирилди. Новак Жокович, Карлос Алкарас ва Александр Зверев иштирок этиши режалаштирилган “Six Kings Slam” теннис мусобақаси ҳам декабрь ойининг охирига кўчирилгани айтилмоқда.

Осиё Кубогида иштирок этадиган 24 терма жамоадан бири бўлган Австралия футбол ассоциацияси Саудия Арабистонидаги вазиятни диққат билан кузатаётганини билдирди. Жанубий Корея профессионал футболчилар ассоциацияси ҳам мусобақа иштирокчиларининг хавфсизлиги юзасидан жиддий хавотир билдирган.

“Яқин Шарқда давом этаётган ҳарбий кескинлик ва хавфсизлик билан боғлиқ беқарорликни эътиборсиз қолдириб бўлмайди”, дейди Корея профессионал футболчилар ассоциацияси президенти Ли Гин Хо.

Унинг таъкидлашича, ҳеч бир мусобақанинг аҳамияти футболчилар ва мухлислар ҳаёти ҳамда хавфсизлигидан устун бўлиши мумкин эмас.

Маълумот учун, 19-Осиё Кубоги 2027 йил 7 январдан 5 февралга қадар Саудия Арабистонининг Ар-Риёд, Жидда ва Ал-Хубар шаҳарларида бўлиб ўтади. Унда Ўзбекистон миллий терма жамоаси Иордания, Шимолий Корея ва Баҳрайн терма жамоалари билан бирга турнирнинг “Б” гуруҳидан жой олган. Саудия Арабистони терма жамоаси эса мусобақанинг гуруҳ босқичида Қувайт, Уммон ва Фаластин терма жамоалари билан баҳс олиб боради.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон миллий терма жамоаси жорий йилнинг ноябрь ойида бўлиб ўтадиган халқаро танаффус пайти сафарда Саудия Арабистони терма жамоаси билан ўртоқлик учрашувида майдонга тушмоқчи. Бу эса ҳали ЎФА томонидан тасдиқланмаган.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг