Ўзбек боксчилари Осиё чемпионати олдидан қандай ҳолатда?

Спорт

image

Жорий йилнинг 17-27 апрель кунлари Таиланд пойтахти Бангкок шаҳрида бокс бўйича навбатдаги Осиё чемпионати баҳслари ўтказилади. Ушбу нуфузли мусобақада Ўзбекистоннинг эркаклар ва аёллар терма жамоалари барча 10та вазн тоифасида ғолиблик учун рингга кўтарилади. Шу муносабат билан кеча, 12 апрель куни матбуот анжумани ташкил этилди.

Тадбирда Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари Ойбек Қосимов, Ўзбекистон бокс федерацияси раисининг ўринбосари Сакен Полатов, терма жамоа мураббийлари ва аъзолари ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этди.

Анжуман аввалида Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари О.Қосимов сўнгги йилларда Ўзбекистон бокс федерацияси томонидан амалга оширилаётган ишлар ва қўлга киритилаётган ютуқларни эътироф этган ҳолда бўлажак мусобақада ўзбек чарм қўлқоп усталаридан юксак натижалар кутаётганини билдирди.

Шундан сўнг эркаклар терма жамоаси бош мураббийи Марат Қурбонов Осиё чемпионати олдидан терма жамоа аъзолари бир қатор йиғинларда иштирок этгани, айниқса хориждаги халқаро турнирлар боксчиларнинг тайёргарлигини кўздан кечиришда муҳим омил бўлганини таъкидлади.

Аёллар терма жамоаси бош мураббийи Лочин Қўчқоров эса мусобақага тайёргарлик жараёнидан кўнгли тўлгани, хусусан яқинда Тошкентда ташкил этилган йиғин ва унда қозоғистонлик машҳур боксчи Феруза Шарипованинг иштироки ёш қизларимиз учун катта маҳорат мактаби вазифасини ўтаганлигини эътироф этди.

Маълумки, терма жамоа таркибидаги энг тажрибали боксчилардан бири Ҳасанбой Дўстматов яқинда ўз вазн тоифасини ўзгартирди, энди у 52 кг.гача бўлган вазнда рингга чиқмоқда. Хўш, спортчининг бошқа вазн тоифасига ўтишига нима сабаб бўлди?

“Хабарингиз бор, аввал 49 кг. вазн тоифасида рингга чиқардим. Аммо бу менга муҳим мусобақалар пайтида қийинчилик туғдирар эди, ҳар сафар 7-8 кило вазн ҳайдаш спортчини чарчатиб қўяди. Охирги 3-4та мусобақада 52 кг. вазнда рингга тушяпман ва ҳозир янги вазнда ўзимни жуда яхши ҳис қилмоқдаман. Балки ишонмассиз, аммо айни пайтда жисмоний ҳолатим худди Рио олимпиадасидагидек. Насиб қилса янги вазнда ҳам ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қиламан”, деб айтиб ўтди Ҳасанбой Дўсматов.


Мақола муаллифи

Теглар

бокс

Баҳолаганлар

26

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг