Оширилаётган бензин нархлари фақат хусусий шохобчаларга тегишли – “Ўзбекнефтгаз”
Жамият
−
06 Декабрь 2022
10237Аввалроқ республикада АИ-80 бензини етишмовчилиги йўқлиги ва нархи оширилмагани ҳақида хабар берилганди. Аммо ҳозирда бир қанча автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчалари таблоларида бензин нархи 6800 сўм эмас, 7000-7100 сўмни кўрсатмоқда. Ушбу ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида QALAMPIR.UZ “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти матбуот котиби Сиёвуш Ҳошимов билан боғланди.
Котибнинг сўзларига кўра, оширилаётган бензин нархларининг барчаси хусусий АЁҚШларга тегишли.
“Ўзбекнефтгаз”га қарашли АЁҚШларда бензиннинг нархи сунъий оширилмаган. “Ўзбекнефтгаз”га қарашли АЁҚШларда бензиннинг нархини ўзгартиришга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Хусусий шохобчалар бензиннинг нархини ўзи белгилайди”, дейди Ҳошимов.
Шунингдек, у “Ўзбекнефтгаз” хусусий АЁҚШларга нисабатан ҳеч қандай қаршилик кўрсата олмаслигини айтиб ўтди. Агарда “Ўзбекнефтгаз” тасарруфидаги шохобчаларда нархни сунъий оширилиши билан боғлиқ ҳолатлар юзага келса, уларга нисбатан чора кўрилади.
“Хусусий АЁҚШлардаги нархнинг ошиши “Ўзбекнефтгаз”га тегишли АЁҚШларга бевосита таъсир кўрсатади, жумладан, турнақатор навбатларни юзага келтириши ҳам мумкин”, дейди матбуот котиби.
Ҳошимовнинг таъкидлашича, “Ўзбекнефтгаз”га тегишли АЁҚШларда бензин тугагани ҳамда автобензин нархининг сунъий оширилишига гувоҳ бўлган истеъмолчилар (71) 200-01-24 телефон рақами орқали 24 соат давомида мурожаат қолдиришлари мумкин.
LiveБарчаси