Ортиқхўжаевнинг “шерлар”и яна чемпион бўлди
Спорт
−
24 Ноябрь 2023
17971Бугун, 24 ноябрь куни футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигасининг 25-турида Тошкент шаҳрининг “Пахтакор” клуби Сурхондарё вилоятининг “Сурхон” жамоасига қарши баҳс олиб борди. Учрашув 1:2 ҳисобида тошкентликлар фойдасига ҳал бўлди.
Учрашувнинг биринчи бўлимида ҳар икки клубнинг ҳам дарвозасига тўп киритилмади. Иккинчи бўлимда эса “шерлар” ҳисобни очди, 53-дақиқада Дилшод Саидов ўз номига гол ёздириб қўйди. Баҳснинг 66-дақиқасида Азизбек Турғунбоев ҳисобни 0:2 кўринишига келтирди.
“Сурхон” футболчилари 72-дақиқага келибгина ҳисобни қисқартиришга муваффақ бўлишди, бу голга Силванус Нимели муаллифлик қилди. Қолган дақиқаларда ҳисоб ўзгармади ва “Пахтакор” ғалабага эришди.
Тошкент клуби шу тариқа очколари сонини 53 тага етказиб олган ҳолда ўз номига муддатидан олдин 2023 йилги мавсум чемпионлигини расмийлаштириб қўйди.
“Пахтакор” бу орқали 2024/25 йилги янгиланаётган Элит Осиё чемпионлар лигаси йўлланмасини қўлга киритди. Бу янгича мусобақа бўлиб, унда қитъанинг энг кучли 24 та клуби иштирок этади.
Маълумот учун, “Пахтакор” 1992, 1998, 2002, 2003, 2004, 2005, 2006, 2007, 2012, 2014, 2015, 2019, 2020, 2021, 2022, 2023 йилларда – умумий ҳисобда 16 бор Ўзбекистон чемпиони бўлди.