Биринчи Орол маданият саммити 2 шаҳарда ўтказилади
Жамият
−
31 Март
3942Жорий йилдан бошлаб ҳар 18 ойда – баҳор ёки куз фаслларида Орол маданият саммити ўтказиб борилади. Бу 28 март куни қабул қилинган “Орол маданият саммитини юқори савияда ўтказиш тўғрисида”ги Президент қарорида белгиланган.
Қарорга кўра, биринчи Орол маданият саммити Самарқанд иқлим форуми билан уйғун ҳолда 2025 йил 4-6 апрель кунлари Самарқанд ва Нукус шаҳарларида юқори савияда ташкил этилади.
Оролбўйида ва дунёнинг бошқа минтақаларида юзага келган экологик муаммоларни муҳокама қилиш ҳамда оқилона ечимларни тақдим этиш учун глобал платформа яратиш Саммитнинг асосий мақсад ва йўналишларидан бири этиб белгиланди.
Шунингдек, Орол маданият саммитига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича ташкилий қўмита тузилди.
Маълумот учун, БМТнинг 2023 йил 22–24 март кунлари Нью-Йорк шаҳрида бўлиб ўтган сув ресурсларига бағишланган конференциясида Ўзбекистон томонидан Орол маданият саммити лойиҳасини амалга ошириш ташаббуси илгари сурилган.
Эслатиб ўтамиз, 4-5 апрель кунлари “Silk Road Samarkand” конгресс марказида биринчи Самарқанд иқлим форуми бўлиб ўтиши хабар қилинганди. Форумда Марказий Осиё давлатлари, жумладан, Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон раҳбарлари, шунингдек, Европа Иттифоқи, БМТ, халқаро молия институтлари ва етакчи экология ташкилотлари вакиллари иштирок этиши кутилмоқда.
LiveБарчаси
Самарқанд иқлим форуми бошланди.
04 Апрель