Орбан Путинга сим қоқди
Олам
−
11 Декабрь
4076Бугун, 11 декабрь куни Венгрия Бош вазири Виктор Орбан Россия Президенти Владимир Путин билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда Бош вазир Х ижтимоий тармоғида хабар берди.
“Бу Россия-Украина урушининг энг хавфли ҳафталари. Биз ўт очишни тўхтатиш ва тинчлик музокараларини қўллаб-қувватлаш учун барча мумкин бўлган дипломатик чораларни кўряпмиз”, дея ёзган Орбан ижтимоий тармоқдаги саҳифасида.
Ўз навбатида, Кремль матбуот хизмати Венгрия томонининг ташаббуси билан Владимир Путин ва Орбан ўртасида телефон мулоқоти бўлиб ўтганини тасдиқлаган.
Бир соат давом этган суҳбатнинг асосий мавзуси Украина масалалари бўйича фикр алмашишдан иборат бўлган. Виктор Орбан инқирозни сиёсий ва дипломатик йўл билан ҳал қилиш йўлларини биргаликда излашга кўмаклашишдан манфаатдорлигини билдирган.
Ўз навбатида, Владимир Путин Украина атрофидаги вазиятнинг ҳозирги ҳолати ва Киев режимининг можарони тинч йўл билан ҳал қилиш масаласини истисно этаётган бузғунчи чизиғига фундаментал баҳо берган.
Қайд этилишича, суҳбат давомида Суриядаги сўнгги воқеалар контекстида Яқин Шарқ минтақасидаги кескин вазият ҳам муҳокама қилинган.
Эслатиб ўтамиз, Венгрия Бош вазири Виктор Орбан 9 декабрь куни АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трамп ва миллиардер Илон Маск билан учрашганди. Трамп Орбанни Флоридадаги Мар-а-Лаго қароргоҳида кутиб олган. Мазкур учрашувда АҚШнинг Миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Майкл Вальс ва Венгрия Ташқи ишлар вазири Петер Сийярто ҳам иштирок этган.