Орбан Бишкекда Трампнинг ғалабаси шарафига ароқ ичганини айтди
Олам
−
08 Ноябрь
5499Венгрия Бош вазири Виктор Орбан АҚШ президентлик сайловларида Республикачилар партиясидан номзод Дональд Трамп ғалаба қозонганидан кейин буни нишонлаш учун ароқ ичган. Бу ҳақда у кеча, 7 ноябрь куни у Будапештдаги Европа сиёсий ҳамжамиятининг саммити якунлари бўйича матбуот анжуманида сўз очди.
Сиёсатчининг сўзларига кўра, у Трамп ғалаба қозонганида Қирғизистон пойтахти Бишкекда бўлгани учун ваъда қилганидек шампан эмас, ароқ ичган.
“Мен фақат қисман ваъдамни бажардим. Биз шампан ҳам очдик, лекин Дональд Трамп ғалаба қозонганида мен Қирғизистонда эдим, у ердаги одатлар бошқача, шунинг учун биз у ерда ароқ ичдик. Жуда хурсандман. Биз биргаликда бу ажойиб натижадан мамнунмиз”, деган Орбан.
Орбан октябрь ойи бошида Трампнинг сайловдаги ғалабасини шампан виноси билан нишонлашга ваъда берганди.
“Агар Трамп (Оқ уйга) қайтиб келса, бир неча шиша шампан очамиз”, деганди у ўшанда.
Виктор Орбан 5-6 ноябрь кунлари расмий ташриф билан Бишкекда бўлган эди. У Туркий давлатлар ташкилоти саммитида ҳам иштирок этди.
Эслатиб ўтамиз, 6 ноябрь куни Венгрия Бош вазири Виктор Орбан Трампни сайловдаги ғалабаси билан табриклаб, бу бутун дунё учун зарурлигини таъкидлаганди. Кейинроқ Орбан Facebook’да эълон қилинган қисқа видео шарҳида бу "дунё тинчлигига умид" эканлигини айтди.
Венгрия Бош вазири Трамп билан қўшма режалари борлигини, у 2025 йилда, у лавозимга киришганида амалга оширилишини таъкидлади. У икки давлат ўртасидаги муносабатлар яхшиланишига ва иқтисодиётнинг “олтин асрга” қайтишига умид билдирди. Унинг фикрича, республикачи номзоднинг ғалабаси ёрқин ва "катта кураш натижаси" бўлди.
LiveБарчаси