Она тилини билишга мажбур қилиш керак – Президент
Жамият
−
20 Декабрь 2022
6749Мактабларда таълим сифати ҳамда жамиятда ўқитувчи касби нуфузини ошириш, шароитларини яхшилаш 2023 йилдаги энг асосий вазифалардан бири бўлади. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев бугун, 20 декабрь куни Олий Мажлис палаталарига йўллаётган мурожаатида айтиб ўтди.
“Биринчи навбатда, эътиборни Янги Ўзбекистон учун энг катта инвестиция бўлган таълимни қўллаб-қувватлашга қаратамиз”, дейди Президент.
Президент нажот – таълимда, нажот – тарбияда, нажот – билимда эканини алоҳида урғулади. Чунки, барча эзгу мақсадларга билим ва тарбия туфайли эришилади.
“Мактабларда таълим сифати ҳамда жамиятда ўқитувчи касби нуфузини ошириш, шароитларини яхшилаш 2023 йилдаги энг асосий вазифаларимиздан бири бўлади.Ўқитувчиларнинг мақомини, уларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилишни Конституцияда алоҳида белгилаш зарур, деб ҳисоблайман”, дейди Президент.
Унинг қайд этишича, ўқувчиларда эркин, танқидий ва креатив фикрлашни, жамоад́а ишлаш ва мулоқот кўникмаларини шакллантириш зарур.
“2023 йилдан мактаб таълимини халқаро таълим дастурлари асосида бутунлай ислоҳ қилишни бошлаймиз”, Мирзиёев.
Шунингдек, миллий ўзлик тимсоли, маънавият асоси бўлган она тилига эътибор янада кучайтирилади.
“Албатта, чет тилини билиш — замон талаби. Аммо она тилини билишга мажбур қилиш керак”, дейди Президент.
Келаси йили 70 та янги мактаб қурилади, 460 таси кенгайтирилади.
“Хусусий инвестициялар иштирокида 100 та мактаб қуриш лойиҳалари бошланади, келаси беш йилда уларнинг сонини мингтага етказамиз”, дейди давлат раҳбари.
Келаси ўқув йилидан барча вилоятлар ва Тошкент шаҳри мактабларида ҳам бепул овқатланиш жорий этилади
“Йил бошидан Қорақалпоғистон ва Хоразмда 285 минг нафар бошланғич синф ўқувчилари учун бепул овқатланиш йўлга қўйилди. Бу борада етарли тажриба орттирдик. Энди, келаси ўқув йилидан ушбу амалиёт қолган вилоятлар ва Тошкент шаҳри мактабларида ҳам жорий этилади ва бунинг учун 2,3 триллион сўм ажратилади”, дейди Шавкат Мирзиёев.
LiveБарчаси