Омбудсман Тошкентда тиланчилик қилаётган 5 болани “милиция”га тутиб берди. Ечим шуми?

3-саҳифа

image

Тошкентнинг Чилонзор ва Шайхонтоҳур туманларида тиланчилик қилаётган 5 нафар бола ички ишлар идораларига олиб келинди. Бу ҳақда Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Матбуот хизмати ғурарланиб хабар бермоқда

Қайд этилишича, жорий йилнинг 16 сентябрь куни журналист Илёс Сафаров ўзининг Facebook ижтимоий тармоғидаги саҳифасида Чилонзор ва Шайхонтоҳур туманлари кесишмаси, Байналминал кўчаси чорраҳасида тахминан 3-4 нафар вояга етмаганлар йўлнинг қатнов қисмида “тиланчи”лик билан шуғулланаётганлиги юзасидан видео хабар эълон қилган

Бола ҳуқуқлари бўйича вакил Алия Юнусова мазкур видеони кўриши биланоқ тегишли чора кўрилиши учун Ички ишлар вазирлигининг масъул ходимига мурожаат қилган.

Ушбу ҳолат юзасидан зудлик билан Чилонзор туман Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ва Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказининг масъул ходимлари иштирокида тезкор гуруҳ ишлаб чиқилиб, воқеа жойига юборилган.

“Ҳолат юзасидан олиб борилган тезкор суриштирув ишлари давомида 5 нафар вояга етмаган ва 4 нафар вояга етган шахслар туман ИИО ФМБга олиб келинди. Уларнинг барчаси Қашқадарё вилоятида рўйхатда туриши маълум бўлди.

Ушбу ҳолат юзасидан тўпланган ҳужжатлар асосида Бола ҳуқуқлари миллий комиссия Қашқадарё вилояти бошқармаси ва ҳудудий ИИБга тақдимнома киритилди”, дейилади хабарда.

Бироқ, Омбудсман Матбуот хизмати қўлга тушган 5 нафар боланинг ёши, кимлиги, қанчадан буён тиланчилик қилиб юргани, буни ҳақиқатан ҳам касб қилиб олганми ё муҳтожлик сабаб тиланчилик қиляптими, улар мактаб ўқувчиси ёки мактабгача таълим ташкилоти тарбияланувчисими, қўлга олинган 4 нафар вояга етганлар болаларга ким бўлиши билан боғлиқ мужмал масалаларга аниқлик киритмаган. 

Бошқа томондан савол туғилади: болалар ҳуқуқи ҳимоячиларининг вазифаси болалар тиланчилик қилаётган ҳолатда уларни ички ишларга тутиб беришми ёки уларни бунга мажбур қилган муаммоларни ўрганишми?

Матбуот хизмати ўз хабарида Болалар Омбудсмани Алия Юнусованинг қуйидаги фикрларини келтирган: 

“Барчамиз тиланчиликнинг намоён бўлишига қарши курашишни бошлашимиз муҳим. Биз пул беришни тўхтатишимиз керак. Кичкинтойлар билан тиланчилик қилишни тўхтатинг, айниқса, йўлларда. Бу ижтимоий ҳодисанинг оқибатларини аҳолига тушунтириш зарур. Инсоннинг ўз ҳаракатлари учун жавобгарлигини шакллантириш муҳимдир. Катталар жавобгарликка тортилиши керак”.

Хўш, кўчада оч ва юпин юрган тиланчи болаларга пул бермаслик ё бошини силамаслик муаммонинг ечимими? Балки бу болаларни тиланчиликка етаклаётган муаммолар билан курашиш керакдир. 

Омбудсман Матбуот хизматига кўра, болалар тиланчилиги масаласи Болалар Омбудсманининг доимий назоратида. Унга шу мазмундаги видеолар юборилиши биланоқ ички ишлар идоралари билан ҳамкорликда вазиятга ойдинлик киритиш, қонунбузарларни қўлга олиш чоралари кўрилмоқда. Бу ишларни тизимли равишда амалга оширилиши учун жамоатчилик назоратини кучайтириш керак. Қолганлар ҳам юқоридаги журналист сингари иш тутса, биз муаммони бартараф этиш бўйича яхши натижаларга эришишимиз мумкин.

“Биз болаларнинг эксплуатациясига кўз юммаслигимиз керак. Болани эксплуатация қилиш – бу замонавий қуллик, бу вояга етмаганларга нисбатан зўравонликдир. Болалар ўзлари дуч келадиган хавфларни баҳолай олмайди. Ёши улғайган сари уларда тиланчилик пул топишнинг ягона ва тўғри йўли, деган ишонч пайдо бўлиши мумкин”, дейилади Омбудсман ахборотида. 


Мақола муаллифи

Теглар

Алия Юнусова Болалар омбудасмани

Баҳолаганлар

178

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made