Болалар омбудсмани: “Ақли заиф болани тиз чўктириб, таҳқирлаган ўсмирларга берилган жазо мени ҳайрон қолдирди”
Жамият
−
22 Май 2020
21349Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили(омбудсман)ўринбосарини – Бола ҳуқуқлари бўйича вакили Алия Юнусова ақли заиф болани тиз чўктириб, уни таҳқирлаган икки нафар ўсмирга берилган жазони адолатли эмас деб ҳисобламоқда. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Алия Юнусованинг таъкидлашича, мазкур ҳолатда ўсмирларнинг асосий айби четда қолиб, қўпол қилмиш карантин билан хаспўшланган.
“Ақли заиф болани тиз чўктириб, уни таҳқирлаган икки нафар ўсмирга берилган жазо мени ҳайрон қолдирди. Бундай ҳолатларда аслида жазо инсоннинг шаъни ва қадр-қимматини таҳқирлаганлиги учун белгиланиши керак. Мазкур вазиятда эса қонунбузарлик қилган ўсмирларнинг асосий қилмиши бир четда қолиб, улар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54-моддаси (Эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузиш) ва 183-моддаси (Майда безорилик) билан жазоланган. Бошқача айтганда, қўпол қилмиш карантин билан хаспўшланган. Ваҳоланки, бунга йўл қўйиш мумкин эмас. Қилмиш учун етарли жазо берилмаслиги ушбу ҳолатларнинг кўпайишига олиб келади
Тўғри, биз болажон халқмиз. Бола нотўғри иш қилса, уни кечириш керак деб ҳисоблаймиз кўпинча. Аммо таҳқирланган, бунинг устига ёрдамга муҳтож бола-чи? Аслида у кўпроқ ҳимояга, шафқатга муҳтож эмасми?
Бу каби воқеалар доно халқимизнинг “қуш уясида кўрганини қилади”, деган мақолини ҳам ёдга солади. Ҳали вояга етмай туриб шафқатсизлик қилишга жазм этган, бировнинг изза бўлишидан ҳузурланган болалар қандай муҳитда катта бўлгани кишини ўйлантиради. Чунки меҳр кўриб ўсган, тўғри тарбия олган бола бундай ишларни қилишга ҳеч қачон ботинмайди.
Бир қарашда бизда бола ҳуқуқлари ҳимояси билан боғлиқ муносабатлар тўлақонли тартибга солингандек. Аммо инсон ҳуқуқлари, айниқса, бола ҳуқуқлари соҳаси шундай тизимки, давр ва вақт ўтган сари янги-янги ўзгаришлар, қўшимчалар киритилмаса, ҳуқуқни рўёбга чиқаришда муаммолар юзага келаверади.
“Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунда боланинг камситилишига йўл қўймаслик, боланинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш каби чоралар белгиланган. Шу билан бирга, давлат боланинг барча шакллардаги камситишлардан ҳимоя қилинишини таъминлаш учун зарур чораларни кўриши шарт. Шу нуқтаи назардан бола ҳуқуқларини таъминлаш чораларини кучайтириш билан бирга, бу ҳуқуқларни болаларга, ота-оналарга ҳам чуқурроқ тушунтириш зарурати бор”, дейди Алия Юнусова.
Аввалроқ, икки ўсмир ақли заиф тенгдошини таҳқирлаётгани акс этган видео тарқалганди. Тошкент шаҳар ИИББ ҳолатга муносабат билдириб, суд ўсмирларни Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 54 моддаси (“Эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузиш”) ва 183 моддасида (“Майда безорилик”) назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни содир этганликда айбдор деб топиб, уларнинг ҳар бирларига 1 115 000 сўмдан жарима солган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь