ИИББ тенгдошини тиз чўктириб, таҳқирлаган ўсмирлар бўйича маълумот берди
Жамият
−
21 Май 2020
13771Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари орасида ўсмирлар тиз чўккан тенгдошини таҳқирлаганликлари туширилган видео тарқалганди. Ҳолат бўйича Тошкент шаҳар ИИББ расмий маълумот берди.
Унга кўра, жорий йил 13 апрель куни интернетда ушбу видео пайдо бўлгач, таҳқирланган вояга етмаган А.Ш.нинг онаси Мирзо Улуғбек тумани ИИО ФМБ 9-сон ички ишлар бўлимига ариза билан мурожаат қилиб, тегишли чора кўришни сўраган.
Текширув давомида маълум бўлишича, жорий йил 25 март куни тахминан соат 15:00 да Мирзо Улуғбек туманидаги 219-сон мактаб ёнида 17 ёшли Даврон Х. ва 16 ёшли Отабек И. уларни сўккан А.Ш.ни таъзирини бермоқчи бўлишган. Улар ривожланишида камчилиги бўлган А.Ш.ни тиз чўкишга ва кечирим сўрашга мажбур қилиб, унинг бошига икки марта урганлар. Шу билан бирга ўсмирларда карантин даврида тиббий ниқоблари бўлмаган.
Белгиланган суд-тиббий экспертиза давомида А.Ш.да тан шикастлари аниқланмади. Шу сабабли жиноий иш қўзғатилмади.
Аммо ўсмирларнинг ҳатти-ҳаракатларида Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 54 моддаси (“Эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузиш”) ва 183 моддасида (“Майда безорилик”) назарда тутилган ҳуқуқбузарликлар кузатилган.
Мазкур фактлар асосида маъмурий баённомалар расмийлаштирилди. Тўпланган маълумотлар Мирзо Улуғбек тумани маъмурий судига йўналтирилди.
23 апрель куни Мирзо Улуғбек тумани маъмурий судида йиғилиш ўтказилди. Суд ўсмирлар ва уларнинг ота-оналари иштирокида бўлиб ўтган.
Томонлар кўрсатмалари эшитилгач, суд Даврон Х. ва Отабек И.ларни Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 54 моддаси (“Эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузиш”) ва 183 моддасида (“Майда безорилик”) назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни содир этганликда айбдор деб топиб, уларнинг ҳар бирларига 1 115 000 сўмдан жарима солган.
Бундан ташқари, Даврон Х. ва Отабек И. Мирзо Улуғбек тумани ИИО ФМБнинг профилактик ҳисобига киритилди.
LiveБарчаси