Омадли икки дақиқа: Қатар Эрон бомбардимончиларини пайқаб қолди

Олам

image

Эрон ҳарбий самолётлари Қатарда жойлашган АҚШнинг энг йирик ҳарбий базасига зарба беришга бир неча дақиқа қолганда уриб туширилди. Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси иккита Су-24 бомбардимончисини Қатардаги ал-Удейд авиабазаси ва мамлакат иқтисодиёти учун муҳим бўлган Рас-Лаффан газ мажмуасига йўналтирган. Бу ҳақда “CNN” хабар берди.

Маълум қилинишича, самолётлар нишонга яқинлашишига тахминан икки дақиқалик масофа қолган пайтда Қатар ҳаво кучлари уларни аниқлаган. Учоқлар радиолокациядан қочиш мақсадида жуда паст – тахминан 80 фут баландликда учган. Қатар томони радиоқўнғироқ орқали огоҳлантириш берган, аммо жавоб олмаган.

Шундан сўнг Қатар ҳаво кучлари F-15 қирувчи самолётларини ҳавога кўтарган. Жанг давомида Қатар самолёти икки Эрон бомбардимончисини уриб туширган. Самолётлар Қатар ҳудудий сувларига қулаган ва экипажни қидириш ишлари бошланган.

Бу воқеа Эрон томони АҚШ ва Исроилнинг зарбаларига жавоб тариқасида Форс кўрфази давлатларига юзлаб ракета ва дронлар йўллаётган бир пайтда содир бўлган. Шу билан бирга, бу Теҳроннинг сўнгги кескинликлар даврида биринчи марта қўшни давлатга қарши пилотли ҳарбий самолётлардан фойдаланган ҳолати ҳисобланади.

АҚШ Қўшма штаблар қўмитаси раиси генерал Дэн Кейн ҳам ҳодисани тасдиқлаб, Қатар қирувчилари илк бор ҳаводаги жангда икки эрон бомбардимончисини йўқ қилганини эълон қилган. Қатар бош вазири Муҳаммад бин Абдураҳмон ас-Саний эса бу ҳодисани кескинликни янада кучайтирувчи қадам деб баҳолаган.

Эслатиб ўтамиз, кеча, 4 март куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Қатар давлати Амири Шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний билан телефон орқали мулоқот қилиб, Яқин Шарқдаги вазиятнинг кескинлашуви ва зиддиятлар минтақавий барқарорлик ва тинчликка жиддий таҳдид солаётганини таъкидлаган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Эрон Қатар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг