Олмазордаги фожиа бўйича жиноят иши қўзғатилди
3-саҳифа
−
03 август 5332 2 дақиқа
Аввалроқ, Тошкент шаҳри Олмазор туманидаги Беруний кўчасида қурилиш ишлари олиб борилаётган ҳудудда ер ўпирилиб, дарахт қулагани, оқибатда электр симлари узилиб, “Орзу” маҳалласи ва унга туташ ҳудудларда электр таъминоти узилгани ҳақида хабар берилган эди. Шунингдек, ҳодиса оқибатида бир киши жароҳатланган. Ушбу ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда QALAMPIR.UZ сўровига жавобан Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов маълум қилди.
Унинг билдиришича, ҳодиса оқибатида 1 киши жароҳат олган ва у ҳозир шифохонада даволанмоқда. Алоқадор МЧЖ мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракатларида Жиноят кодексининг 257-(меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш) ва 192-11-моддаларида (нодавлат тижорат ташкилотида ёки бошқа нодавлат ташкилотида мансабдор шахслар томонидан ўз ваколатларини суиистеъмол қилиш) назарда тутилган жиноят аломатлари мавжудлиги сабабли жиноят иши қўзғатилган ва тергов олиб борилмоқда.
Ўзи нима бўлган эди?
Кеча, 2 август куни Олмазор тумани Беруний кўчасида жойлашган собиқ “Карвонбанк” биноси ўрнида кўп қаватли уйларга туташ тарзда қурилиш олиб борилиши оқибатида ер ўпирилган, кўп йиллик соғлом дарахт қулаб, электр симларини узиб юборган. Оқибатда “Орзу” маҳалласи ва унга туташ ҳудудлар электр энергиясисиз қолган. “Орзу” маҳалласи турғунлари ушбу қурилиш ноқонуний олиб борилаётгани ва ҳудудда бир неча соғлом дарахтлар кесилганидан шикоят қилиб келади. Бироқ бу шикоятлар натижасиз қолмоқда.
Тошкент шаҳар ҳокимлигига кўра, вазият Тошкент шаҳар ҳокимининг назоратига олинган бўлиб, унинг топшириғига биноан Тошкент шаҳар Фавқулодда вазиятлар бошқармаси, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасини назорат қилиш инспекцияси, прокуратура органлари, Олмазор тумани ҳокимлиги ҳамда бошқа мутасадди идоралар вакиллари иштирокида тезкор махсус комиссия тузилган. Воқеа жойида фуқаролар хавфсизлигига таҳдидни бартараф этиш, хавфли ҳудудни ўраб олиш ва унга киришни чеклаш бўйича бирламчи чоралар кўрилмоқда. Мутахассислар ҳодиса сабабларини, шунингдек, ёндаш ҳудуд, йўл қопламаси ва муҳандислик коммуникацияларининг ҳолатини ўрганмоқда.
Live
Барчаси