Олмазорда мактаб ўқувчиси ўгай отасидан ҳомиладор бўлиб қолди
3-саҳифа
−
14 Март
31283Пойтахт Тошкентнинг Олмазор туманидаги икки мактабда вояга етмаган ўқувчилар ҳомиладор бўлиб қолди. Уларнинг бири 8, иккинчиси 9-синф ўқувчиси. Улардан бири ўгай отасидан ҳомиладор экани айтилмоқда.
QALAMPIR.UZ бу маълумотни аниқлаш мақсадида Болалар омбудсмани Сурайё Раҳмонова билан боғланди.
Раҳмонова суҳбат аввалида ушбу ҳолатнинг оммавий ахборот воситалари орқали ёритилиши болалар шаъни ва қадр-қимматига этик нуқтаи назардан зид экани, уларнинг руҳий ҳолатига салбий таъсир этиши мумкинлигини эслатди. Бироқ сўнгги йилларда айнан Олмазор тумани вояга етмаган қизларнинг жинсий зўравонликка учраши ва ҳомиладор бўлиб қолиши бўйича юқори кўрсаткични қайд этаётгани учун ҳам бу маълумотни очиқлаш зарурлиги бўйича QALAMPIR.UZ билан ҳамфикр бўлди.
Болалар омбудсмани QALAMPIR.UZ келтирган икки ҳолатдан бирини тасдиқлади. Унга кўра, ўқувчи қиз ўгай отасидан ҳомиладор бўлиб қолиши билан боғлиқ ҳолат ҳақиқатдан ҳам содир бўлган. Қиз бор-йўғи 14 ёшда.
Ҳолат 2024 йилнинг декабрь ойида маълум бўлган ва прокуратура томонидан декабрь ойи охирида Жиноят кодексининг 128-моддаси (Ўн олти ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш) 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилиб, иш ҳужжатлари ИИБга юборилган. Ўгай отага нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилган.
“Болалар омбудсмани мазкур ишни қонуний ва бола манфаатига мувофиқ олиб борилиши юзасидан ўз кузатувини давом эттиради. Жиноят ишининг бориши Тошкент шаҳар прокуратураси назоратида”, дейди Сурайё Раҳмонова.
Шу ўринда Жиноят кодексининг 128-моддаси (Ўн олти ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш) 3-қисмида белгиланган жазоларга назар ташласак. Ўн олти ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш ёки жинсий эҳтиёжни ғайритабиий усулда қондириш:
а) такроран, хавфли рецидивист томонидан ёки илгари ушбу кодекснинг 118, 119, 121 ва (ёки) 129-моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этган шахс томонидан;
б) яқин қариндошига ёки бир рўзғор асосида биргаликда яшаётган шахсга нисбатан;
в) жабрланувчини тарбиялаш, ўқитиш ва (ёки) унга ғамхўрлик қилиш мажбуриятларини бажараётган шахс томонидан, шунингдек жабрланувчига қараб туриш мажбуриятлари қонун билан зиммасига юклатилган таълим, тарбия, даволаш ёки бошқа муассасанинг ходими томонидан содир этилган бўлса, саккиз йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Мазкур ҳолатда ўқувчи қиз ўгай отаси томонидан зўрланганми ёки ишнинг бошқа тафсилотлари мавжудми, буниси бизга қоронғи. Болалар омбудсманига кўра, Жиноят кодексининг 128-моддаси дастлабки тергов жараёнида қўйилган. Тергов ҳаракатлари давомида аниқланган ҳолатлар бўйича моддалар қўшилиши ёки қайта малакаланиши эҳтимоли йўқ эмас.
LiveБарчаси