Олмаотада икки ёшли бола 105 та магнит шарчани ютиб юборди
Олам
−
28 Февраль 2820 2 дақиқа
Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида жарроҳлар икки ёшли боланинг ошқозонидан мунчоқнинг 105 та магнит шарчасини олиб ташлади. Бу ҳақда “Tengrinews” хабар берди.
Қайд этилишича, 20 февраль куни шаҳар болалар шошилинч тиббий ёрдам марказига 2 ёшли бола қорнида бегона жисм борлиги ҳақидаги тахминлар билан ётқизилган.
Ота-онасининг сўзларига кўра, бола рангли мунчоқларни бир ҳафта олдин ютиб юборган. Шифокорлар ушбу болага ташхис қўйган.
“Қорин бўшлиғи органларининг рентгенограммаси пайтида 6,2х2,2 сантиметр ўлчамдаги бир нечта металл буюмлар конгломерати аниқланди. Бола зудлик билан шифохонага ётқизилиб, бегона жисмни олиб ташланди”, дейилади хабарда.
Маълум қилинишича, дастлаб, шифокорлар мунчоқларни эндоскопик усулда олиб ташлашга ҳаракат қилган, аммо магнитларнинг зич тўпланиши туфайли бу имконсиз бўлиб чиққан.
“Жарроҳлик аралашуви – лапаротомия ва гастротомияни амалга ошириш тўғрисида қарор қабул қилинди. Операция давомида боланинг ошқозонидан 105 дона магнит мунчоқлар олиб ташланди”, дейилади хабарда.
Операциядан сўнг бемор интенсив терапия бўлимига, сўнгра жарроҳлик бўлимига ўтказилган. Ҳозирда боланинг аҳволи қониқарли.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ фарғоналик 2 ёшли қизнинг қорнидан 135 та магнит шарча олинган эди. Қизалоқ магнит шарчалар билан ўйнаб келган ва шу жараёнда улардан анча-мунчасини ичига ютган. Вақт ўтиши билан шарчалар қорнида йиғилиб қолган ва унинг ҳаётига жиддий хавф солган. Шифокорлар жарроҳлик амалиёти ўтказиб, қизалоқ қорнидаги 135 та магнит шарчани олиб ташлаган.
Live
Барчаси