Олий суд раисига янги ўринбосар сайланди
Жамият
−
19 Ноябрь 2022
9367Шуҳрат Полвонов беш йил муддатга Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг ўринбосари – иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати раиси лавозимига сайланди. Бу ҳақда бугун, 19 ноябрь куни Олий Мажлис Сенатининг 35-ялпи мажлисида айтиб ўтилди.
У бунгача Олий Мажлис Қонунчилик палтаси Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси ўринбосари эди.
Маълумот учун, Шуҳрат Тоғаймуродович Полвонов 1977 йил 11 декабрда Самарқанд вилоятининг Пастдарғом туманида туғилган. 2002 йилда эса Тошкент давлат юридик институтини тамомлаган. 44 ёшли адвокат “Адолат” Социал-демократик партиясининг аъзоси ҳисобланади.
У 2015–2020 йиллар давомида Нуробод сайлов округидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси аъзоси сифатида фаолият юритган.
Қайд этиш жоиз, 2017 йилдан буён Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг ўринбосари – иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати раиси лавозимида ишлаб келган Бахтиёр Исоқовнинг ваколат муддати шу йилнинг октябрь ойида тугаган эди. Шундан сўнг собиқ Олий суд раиси ўринбосари Сирдарё вилоят судининг иқтисодий ишлар бўйича судьяси лавозимига тайинланган.
LiveБарчаси