Олимпиададан эрта кетиш ниятимиз йўқ эди – Темур Кападзе

Спорт

image

Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси бош мураббийи Темур Кападзе Париж шаҳри мезбонлик қилаётган ёзги Олимпия спорт ўйинларида футболчиларга тажриба ҳамда омад етишмаганлигини айтди. Бу ҳақда у кеча, 27 июль куни “Ўзбекистон 24” телеканалига берган интервьюсида сўз очди.

“Бундай эрта кетиш ниятимиз йўқ эди. Биринчи учрашувда ҳам, бугунги учрашувда ҳам қаердадир омад, қаердадир тажриба етишмади. Олимпиада тароватини ҳис қилдик. Бемалол, ўйнаса бўлади. Аламлиси, иккала ўйинда ҳам ғалаба қозониш имкони бор эди. Кучимиз бемалол етарди, қайсидир кичик эпизодларда хато қилдик. Мухлислардан узр сўрайман. Уларга катта раҳмат. Бизни тинмай қўллаб туришди. Саломат бўлишсин. Ҳали ютуқларимиз билан уларни хурсанд қиламиз”, деган терма жамоа устози Темур Кападзе.

Маълумот учун, С гуруҳидан ўрин олган Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси Испания (2:1) ҳамда Миср (1:0) жамоаларига мағлубиятга учраб, турнирнинг кейинги босқичига йўлланма олиш имкониятини қўлдан бой берди. Натижада икки ўйинда ҳам ютқазган Темур Кападзе шогирдлари гуруҳда қолиб кетди. Доминикангa қарши кечадиган ўйин эса шунчаки расмиятчиликка айланди. Гуруҳда Испания 6 очко билан етакчи, Миср 4 очко билан иккинчи ўринда, Доминикан эса 1 очко билан учинчи ўринда бормоқда. Ўзбекистон эса ҳали очко олмади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Темур Кападзе Олимпиада ўйинларининг футбол баҳслари гуруҳ босқичи 2-тури доирасида Мисрга қарши ўтказиладиган баҳс олдидан ўз фикрлари билан ўртоқлашиб, Мисрнинг кучли томонларини яхши билишини айтганди. Шунингдек, Испанияга қарши ўйиндаги мағлубияти ҳақида ҳам у ўз фикрларини билдирганди.


Мақола муаллифи

Теглар

футбол Темур Кападзе Олимпия

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг