Олимлар ДНК “нолдан” яратилиши мумкинлигини аниқлади
Бу қизиқ
−
13 Апрель 2964 2 дақиқа
Бристоль университети олимлари ДНКни ҳеч қандай андозасиз (шаблонсиз) “нолдан” яратиш мумкинлигини ва бу жараённи бошқариш имконияти борлигини аниқлади. Бу ҳақдаги тадқиқот “Nature Communications” (NatCom) журналида чоп этилди.
Одатда, ДНК-полимеразалар – ДНКнинг янги занжирларини “қурувчи” ферментлар – мавжуд генетик занжирдан нусха кўчиради. Бироқ янги тадқиқотда маълум бўлишича, улар ҳеч қандай “намуна”сиз ҳам ДНКнинг узун қисмларини мустақил равишда синтез қилишга қодир. Энг қизиғи, ҳосил бўлган кетма-кетликлар тасодифий эмас, балки такрорланувчи нақшлар билан тузилгани (структуралашган) аниқланган.
Таҳлилларга кўра, бу нақшларнинг характери реакция шароитига ва фермент турига боғлиқ. Олимлар ҳароратни ёки ДНКнинг мавжуд “қурилиш блоклари” тўпламини ўзгартириш орқали кетма-кетликларнинг шаклланишига мақсадли равишда таъсир ўтказишга муваффақ бўлган. Масалан, компонентлар сони чекланганда, ферментлар мингтадан ортиқ бирликдан иборат, қатъий такрорланувчи узун бўлакларни яратган.
Хатоликлар тўпланиб қолиши сабабли ДНК узунлиги чекланган анъанавий синтез усулларидан фарқли ўлароқ, янги ёндашув бир циклда ўн минглаб бирлик узунликдаги занжирларни олиш имконини берган. Бу ген муҳандислиги ва синтетик биология имкониятларини сезиларли даражада кенгайтириши мумкин.
Бундай молекулалар тузилишини ўрганиш учун тадқиқотчилар ДНКни тўғридан тўғри ўқиш ва уларнинг физик шаклини таҳлил қилиш методларидан фойдаланган. Бу узун занжирлар айнан қандай шаклланишини ва жараён асосида қандай қонуниятлар ётишини кузатиш имконини берган.
Муаллифларнинг таъкидлашича, илгари бундай эффект кам учрайдиган ва тасодифий деб ҳисобланар эди. Бироқ энди ДНКнинг матрицасиз (намунасиз) синтези муайян қоидаларга бўйсуниши ва назорат қилиниши мумкинлиги аён бўлди.
Олимларнинг фикрича, ушбу кашфиёт генетик материал билан ишлаш имкониятлари ҳақидаги тасаввурларни ўзгартиради ва келажакда янги генларни яратиш ҳамда ҳужайра жараёнларини бошқариш учун хизмат қилиши мумкин.
Live
Барчаси