Олимлар 5000 йиллик мумиёдан олинган ачитқида нон ёпди
Бу қизиқ
−
06 Июнь 5808 2 дақиқа
Олимлар 5000 йиллик мумиёланган жасаддан олинган ачитқи ёрдамида табиий хамиртурушли нон тайёрлади. Бу ҳақда “Daily Mail” хабар берди.
Нашрнинг ёзишича, 1991 йилда Альп тоғларидан топилган машҳур Муз одами Эци мумиёси олимларни ҳайратда қолдиришда давом этмоқда. Тадқиқотчилар бундан беш минг йил аввал яшаган инсоннинг тўқималарида ҳалигача тирик микроорганизмлар, жумладан, совуққа чидамли ноодатий ачитқилар сақланиб қолганини аниқлаган.
Eurac Research мутахассислари Эцининг териси, ички тўқималари ва ошқозонидаги қолдиқлардан олинган намуналарни ўрганиб чиққан. Таҳлиллар шуни кўрсатдики, мумиёда қадимги ичак бактерияларидан тортиб, жуда паст ҳароратда ҳам яшай оладиган ачитқиларгача бўлган бутун бир микроорганизмлар жамоаси сақланиб қолган.
Олимларда айниқса ачитқилар катта қизиқиш уйғотган. Улар ушбу микроорганизмларни лаборатория шароитида ўстириб, аста-секин унли муҳитга мослаштиришга муваффақ бўлган. Бир неча ойлик тажрибалардан сўнг, микроорганизмлар худди оддий нон ачитқиси каби ишлай бошлаган.
Якунда тадқиқотчилар хамир қориб, тахминан 5300 йиллик тарихга эга бўлган мумиёдан олинган ачитқи ёрдамида ҳақиқий нон ёпган. Тадқиқот раҳбари Муҳаммад Сарҳаннинг сўзларига кўра, хамир тахминан бир суткада кўпчиб чиққан ва пишириш учун буткул яроқли бўлган.
Тажрибалар шу билан тугаб қолмайди. Олимлар ҳозирда ушбу қадимий ачитқилардан пиво ва бошқа ачитилган маҳсулотлар ишлаб чиқаришда фойдаланиш имкониятларини муҳокама қилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Перуда юқори ижтимоий мавқега эга аёлнинг қадимий қабри топилганди. Топилманинг ёши тахминан 5 минг йил.
Live
Барчаси