Перуда 5 минг йиллик аёл мумиёси топилди
Бу қизиқ
−
25 Апрель 8407 1 дақиқа
Перуда юқори ижтимоий мавқега эга аёлнинг қадимий қабри топилди. Топилманинг ёши тахминан 5 минг йил. Бу ҳақда Перу Маданият вазирлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, аёл мумиёси Карал-Супа цивилизацияси марказларидан бири бўлган Асперодаги археологик қазишмалар жойида топилган.
Вафот этган аёлнинг ёши 20-35 ёш деб баҳоланган. 5 минг йил давомида унинг териси, сочлари ва тирноқлари сақланиб қолган. Аёлнинг танаси бир неча қават мато (пахта ва қамишдан ясалган бўйра) билан ўралган. Устига ара патлари билан безатилган чойшаб ёпилган. Аёлнинг бошида бош кийими бўлган.
Археологлар қабрдан кўплаб қимматбаҳо буюмлар ҳам топган. Улар орасида қамишдан ясалган тўртта сават, нақшли игна, Амазонка шиллиққуртининг чиғаноғи, мунчоқлар билан безатилган тўкан тумшуғи, жун мато, балиқ овлаш тўри ва 30 га яқин ширин картошка туганаклари бор. Шунингдек, тўқиш асбоблари ва бир нечта саватлар топилган.
Мутахассисларнинг фикрига кўра, совғаларнинг табиати аёлнинг юқори ижтимоий мавқеидан далолат беради.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Италиянинг Сицилия оролида археологлар ноёб артефакт – гўдакни дафн этиш учун идиш сифатида фойдаланилган милоддан аввалги VI асрга оид терракота амфорасини топган эди.
Live
Барчаси