Олдин пахта, чопиқ, пилла ва супуриш бўларди... Президент мактабларга жиддий талаб қўйди
Жамият
−
14 Июль 2020
14649Хабарингиз бор, бугун, 14 июль куни Ўзбекистон Президенти ёшлар ва хотин-қизлар бандлигини ошириш, уларни даромад манбаи билан таъминлаш масалалари бўйича видеселектор йиғилиши ўтказди.
Йиғилишда мактаб битирувчиларнинг мактабни ҳеч бир ҳунарсиз битириб чиқишини тўхтатиш чораларини кўриш кераклиги таъкидланди.
“Ёшлар мактабдан кетди. Нимага 11 йил ўқитиб, уларга касб бермаганимизга ким жавоб беради деган савол ҳаммамизни қийнаши керак. Шу сабабли ҳаёт бизни мактабнинг юқори синфларидаёқ касбга ўқитиш тизимини жорий этишга мажбур қиляпти. Агар шуни қилмасак, болаларимизни тарбия қилолмаймиз. Уларга шароит ярата олмаймиз”, деди Шавкат Мирзиёев.
Шунингдек, Президент мактаб битирувчилари ўша билими билан олий таълим муассасасига киролмаслигини танқид қилди. Ўз навбатида, ота-оналар репетитор орқали боласини ОТМга киритаётгани тилга олинди.
“Мактабни олдига савол қўйишимиз керак: нимага ота-она репетитор топиб, боласини олий таълимга киритяптию, нимага давлат шунча пул сарфласа-да, мактаб битирувчиларининг 50 фоизи ҳам олий таълимга кирмаяпти? Мана депутатлар ўтирибди, Кенгашимизнинг икки раҳбари ўтирибди. Бу ҳам қонунда кўриб чиқилиши керак. Адолатли талабми йўқми? Адолатли талаб. Нима учун бугун бу талабни қўйяпмиз. Тасаввур қилинглар 3, 5, 10 йил олдин бу талабни қўёлмасдик. Ўқитувчи ҳам, ўқувчи ҳам 3 ой пахта билан, бир ой чопиқ билан, 15 кун пилла билан, кўча супуриш билан овора эди. У вақт бу талабни қўёлмасдик. Ҳозир у нарсалар йўқ-ку мактабда. Энди талаб қўйишга вақти соат келди десак, тўғри бўлади”, деди Президент.
Йиғилишда ёшларга ҳунар ўргатиш учун маҳаллаларда марказлар ташкил қилиш бўйича кўрсатма берилди.
LiveБарчаси