Оқ уйнинг байрам табриги Эронни ғазаблантирди 

Олам

image

АҚШ Президенти Жо Байденнинг Наврўз байрамига бағишланган баёноти Эроннинг ғазабини оширди. Эрон Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Носир Канани Байденнинг баёнотини Эрон ва унинг халқига нисбатан душманлик АҚШ маъмурияти ташқи сиёсатининг ажралмас қисми эканини исботлаганини айтди. Бу ҳақда у бугун, 21 март куни Twitter’даги саҳифасида ёзди. 

“Эрон Ислом Республикаси ва Эрон халқи билан адоват АҚШ режими ташқи сиёсатининг доимий қисми бўлиб, бу давлат расмийларининг ҳар йилги Наврўз хабарида ҳам ўз аксини топади. Эронлик аёлларни қўллаб-қувватлаш ва бир вақтнинг ўзида Эрон халқига нисбатан шафқатсиз санкцияларни кучайтириш ҳақидаги ёлғон даъво Америка режими ва унинг Эронга қарши етакчиларининг иккиюзламачилиги ва душманлигининг намойишидир”, деган Эрон вакили.

Маълумот учун, Оқ уй маъмуриятининг Наврўз муносабати билан қилган баёнотида Байден байрам ўз ҳуқуқлари ва асосий эркинликлари учун курашаётган Эрон аёлларига оғир вақтда келганини ва АҚШ уларнинг ёнида бўлишда давом этишини айтган. 

Шунингдек, баёнотида Биринчи хоним Жилл Байденнинг ҳам нутқи келтирилган. У ўз нутқини Эронда намойишлар авж олган пайтда ҳибсга олинган эронлик хонанда Шервин Ҳажипурнинг “Baraye” қўшиғининг сартлари билан бошлаган ва Эрондаги намойишларнинг мадҳиясига айланган ушбу қўшиқни фераль ойида Grammy мукофоти билан тақдирланганини эслатган. У ҳам ўз ҳуқуқи учун курашаётган эронлик аёлларни қўллашини айтган.


Мақола муаллифи

Теглар

Оқ уй Жо Байден Наврўз байрами байрам табриги

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг