Оқ уй яқинида отишма: 2 киши ҳалок бўлиб, 5 киши жароҳатланди
World
−
10:21 615 2 minutes
АҚШ пойтахти Вашингтон шаҳридаги спорт залида кеча, 12 ноябрь куни содир этилган отишма оқибатида 1 киши ҳалок бўлди, яна 5 киши яраланди. Отишмани содир этган 55 ёшли шифокор кейинчалик ўзини ҳам отиб ўлдирди. Бу ҳақда “Associated Press” хабар берди.
Маълум қилинишича, ҳодиса Оқ уйдан қарийб 1,6 километр шимолда жойлашган Logan Circle маҳалласида содир бўлган. Пентхаус хонадонидаги яшаш шароитлари, жумладан, моғор ва намлик муаммолари сабабли бино маъмурияти билан узоқ вақтдан бери судлашиб келган 55 ёшли шифокор Мэтт Ламберт спорт залида бино бошқарувчисини отиб ўлдирган.
Шундан сўнг у воқеа жойидан қочиб, бир неча дақиқа ичида ўз хонадон айвонидан яна тўрт кишига қарата ўқ узган. Жабрланганларнинг уч нафари ҳаёт учун хавфли бўлмаган жароҳатлар олган, яна бир кишининг аҳволи оғир бўлган.
Вашингтон полиция бошқармаси раҳбари вазифасини бажарувчи Жеффри Кэрроллнинг айтишича, Ламберт учта қурол билан ҳужум қилган. У кейинчалик ўз хонадонида полиция ходимлари билан телефон орқали гаплашиб турган вақтида ўзини отиб ўлдирган.
Спорт залида ҳалок бўлган шахс 46 ёшли Жеймс Стюарт экани аниқланган. У бино бошқарувчиси бўлган.
Полиция маълумотларига кўра, отишма беш дақиқадан камроқ вақт ичида содир бўлган. Ҳодиса ортидан кўплаб полиция ходимлари воқеа жойига етиб келган, атрофдаги ҳудуд ўраб олинган ва яқин атрофдаги мактабларда хавфсизлик чораси сифатида ўқувчиларнинг бинолардан чиқишига чеклов қўйилган.
Тергов маълумотларига кўра, Ламберт 2024 йилдан бери ўзининг еттинчи қаватдаги хонадонида моғор, намлик ва сув сизиб чиқиши билан боғлиқ муаммолар борлигини айтиб, бино маъмуриятини судга берган. У хонадонидан тўлақонли фойдалана олмаётганини даъво қилган. Суд жараёни эса давом этаётган бўлган.
Воқеа вақтида спорт залида бўлган Жеймс Спеллманнинг сўзларига кўра, отишма бошланганида у ерда 50 га яқин киши бўлган. Унинг айтишича, ўқ овозлари янграганидан бир неча сония ўтиб, бир эркак ерга йиқилган ва унинг атрофида қон кўлмак бўлган. Залга келганлардан бири унга ёрдам беришга уринган, бироқ эркак воқеа жойида ҳалок бўлган.
Шунингдек, Ламберт ўз хонадонида газ қувурини кесиб, ёнғин чиқарган. Ёнғин автоматик сув пуркаш тизими ишга тушиши натижасида тезда бартараф этилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШнинг Флорида штати Тампа шаҳри чеккасидаги Citibank компаниясига тегишли офис мажмуасида юз берган отишмада икки киши ҳалок бўлган эди. Яна тўрт киши жароҳатланиб, шифохонага ётқизилган.
Live
All“Demokrat.uz” rahbari qamaldi
12 November