“Оқтепа лаваш”да заҳарланганлар 41 нафарга етди

Жамият

image

Аввалроқ, жорий йилнинг 4 июнь куни Тошкентда 15 киши овқатдан заҳарлангани, уларнинг 3 нафарининг аҳволи оғир экани ҳақида хабар берган эдик. Ўтган вақт давомида овқатдан заҳарланганлар сони яна 26 нафарга ошиб, заҳарланганлар 41 нафарни ташкил этмоқда. Маълум қилинишича, заҳарланганлар шу куни пойтахтдаги “Оқтепа лаваш” умумий овқатланиш шохобчаларидаги тезпишар таомларни истеъмол қилган. 

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқ сақлаш вазирлиги овқатдан заҳарланиш билан боғлиқ мазкур ҳолат бўйича навбатдаги расмий баёнот билан чиқди. Унда шундай дейилади:

“Соғлиқни сақлаш вазирлиги жорий йил 4 июнь куни Тошкент шаҳрининг айрим ҳудудларидаги “Оқтепа лаваш” умумий овқатланиш шохобчаларида қайд этилган овқатдан заҳарланиш ҳолати бўйича қўшимча маълумот берди.

Жорий йил  7 июнь соат 14:00 га қадар Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий текшириш институти клиникасига 29 нафар, шаҳар 5-сон юқумли касалликлар шифохонасига 8 нафар, шаҳар 4-сон юқумли касалликлар шифохонасига 2 нафар ва 2-сон юқумли касалликлар шифохонасига 2 нафар бемор кўнгил айниши, қайт қилиш, бош оғриши, умумий ҳолсизланиш, ич кетиши, ошқозон соҳасида оғриқ, тана ҳарорати кўтарилиши каби шикоятлар билан мурожаат қилган. Улар тиббий кўрикдан ўтказилиб, “Овқат токсикоинфекцияси”, “Ўткир ичак касаллиги” ва “Ўткир диарея” бирламчи ташхиси билан шифохонага ётқизилди. 

Айни пайтда шифохонада беморлардан лаборатория таҳлиллари учун тегишли барча намуналар олиниб, ушбу ҳолат юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирлигининг алоҳида назорати ташкил этилди. Мазкур шифохоналар ва унинг бўлимлари зарур дори-дармонлар, инфузион эритмалар, бир маротаба ишлатиладиган шприц ва системалар билан етарли миқдорда таъминланган.

Мазкур ҳолат бўйича ўтказилган бирламчи эпидемиологик текширув натижасига кўра,  беморларнинг 16 нафари ўз касалликларини  Миробод тумани “Қўйлиқ-5” массивида жойлашган, 19 нафари Сергели тумани Сергели-8 мавзесида, 3 нафари Учтепа туманида, 1 нафари Шайхонтоҳур туманидаги Чорсу бозори ҳудудида, 1 нафари Олмазор туманида жойлашган “Оқтепа лаваш” умумий овқатланиш шохобчаларида тайёрланган товуқли сендвични ва яна бир нафар фуқаро буюртма асосида келтирилган маҳсулотни ўз хонадонида  истеъмол қилганликлари билан боғлашмоқда.

Пойтахтимизда юз берган ушбу ҳолат юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирлигининг алоҳида назорати ташкил этилган. Вазирлик томонидан юзага келган эпидемик вазият жойига чиқиб ўрганилиб, беморларга ва мутахассисларга ўз вақтида ҳар жиҳатдан амалий ёрдам кўрсатилмоқда.

Ҳозирда шифохонада даволанаётган беморларнинг аҳволи қониқарли, оғир беморларнинг йўқлиги сабаб бугун  куннинг иккинчи ярмида уларнинг бир гуруҳига уйларига кетиш учун рухсат берилади ва беморлар ўзлари рўйхатда турган ҳудуддаги оилавий поликлиникалар назоратига олиниб, патронаж хизмати билан қамраб олинади”.
 


Мақола муаллифи

Теглар

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Оқтепа лаваш овқатдан заҳарланиш

Баҳолаганлар

80

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг