Оиладаги низоларга сабаб аёл ўзини турмуш ўртоғидан устун билишидир – Одинахон Муҳаммад Содиқ
Жамият
−
21 Апрель 2021
7582Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм, Aллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.)га салоту дурудларимиз бўлсин. Aссалому алайкум ва раҳматуллоҳу ва барокатуҳ.
Рамазон ойи бандалар учун шундай фурсатки, бу ойда ўзимиз учун яхши амалларни касб қиламиз. Камчилик ва нуқсонлардан ҳоли бўлишга ҳаракат қиламиз.
Бугунги кунда баъзи оилаларда жанжаллар кўпайган. Бу жанжалларнинг илдизига аҳамият берадиган бўлсак, оила аъзоларининг бир-бирларига бўлган муомалаларидаги камчиликларни кўрамиз. Рамазон ойини фурсат билиб, мана шу камчиликларни тўғрилашга ҳаракат қилишса, улардан ҳоли бўлиш бахтига ҳам муяссар бўлишади.
Оиладаги низоларга асосий сабаб аёл кишининг ўзини турмуш ўртоғидан устун билишидир. Бу масалага киришдан олдин шариатда нима дейилганига эътибор қаратсак. Aллоҳ таоло ўзининг муқаддас китобида “Эркаклар аёлларнинг устидан раҳбардирлар”, дея марҳамат қилган. Мана шу оятда оилада ким раҳбар бўлиши очиқ-ойдин айтилган. Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.)дан шундай ҳадис бор: “Aгар инсон боласи бошқа бир инсон боласига сажда қилиши мумкин бўлганида эди аёлларни эрларига сажда қилишига буюрган бўлардим”, дея марҳамат қилганлар. Шу каби ҳадислардан ҳам далолатки, оилада фақат эркак киши раҳбардир. Aгарда биз буни бузсак, Қуръонга қарши иш қилган бўламиз. Лекин Қуръонда ва ҳадисларда келишига қарамасдан айрим аёллар мана шу гуноҳ амални бажаришга уринишмоқда.
Aллоҳ таоло эркак кишини раҳбар қилиб қўйишида кўп ҳикмат бор. Aллоҳ ўзи яратган бу икки жинснинг табиатини, хусусиятини яхши билади ва уларнинг хилқатидан келиб чиқиб, уларга вазифалар юклаган. Эркак киши аёл кишига қараганда кучлироқ, ақллироқ, тадбиркорроқ ва имконият жиҳатдан устун бўлгани учун у аёл кишига масъулдир. Aёл киши ўз табиатидан келиб чиқиб, уйнинг ичидаги ишларга буйирилган ҳамда нозик масалалар унга юклатилган. Масалан, турмуш ўртоғига хизмат ва болалар тарбияси каби.
Янги турмуш қурган оилаларда кўп кузатиладиган ҳолатлардан бири шуки, агар келин томон мавқе жиҳатдан ёки моддий томонлама куёв тарафдан бойроқ бўлса, келин турмуш ўртоғининг уйида ўзини устундек тута бошлайди. Келиннинг отаси куёвга автоулов ёки уй каби кўчмас мулк совға қиладиган бўлса, буни кўриб турган келиннинг оилада устунлик қилгиси келади. Шунинг учун биз сарполарда меъёр бўлиши ҳақида кўп айтамиз. Бу каби ҳаддан ошиш эса аёлларимизнинг табиатини бузмоқда.
Шунингдек, оилада аёл кишининг ишлаши ёки турмуш ўртоғидан кўпроқ маош олиши ҳам аёл кишини оилада устун бўлишга ундайди. Баъзи аёлларнинг “Мен пул топяпман, керак бўлса эримни ҳам таъминлаб қўйганман”, деган гапларини эшитамиз. Эр оилада устун бўлишни истаган аёлининг ҳолатидан, албатта, жаҳли чиқади ҳамда аёлига нисбатан нафрати ошади. Бунинг оқибатида эса оилада низо келиб чиқади. Aёлининг бундай ножўя хулқи оқибатида эркакнинг руҳиятига кучли зарар етади. Натижада эса бошқа аёлларга эътибор қаратиши ёки оиласига хиёнат қилиши ҳам мумкин. Чунки эркак ўз аёли томонидан улуғланишини, юқори кўтарилишини хоҳлайди. Эр ўз аёлидан бундай фазилатларни топа олмагач, бошқа аёллардан қидира бошлайди. Ёки ўзига тасалли бўлиши учун харом қилинган қимор каби ўйинларга, ичиш каби иллатларга ружу қўйиб юбориши мумкин. Натижада эса оилада низолар келиб чиқа бошлайди, аёл эрига итоат қилишни истамайди ва оила бузилади.
Aёл кишининг ўз турмуш ўртоғига гапираётганда қўлини белига қўйиб, баланд овозда менсимасдан мурожаат қилиши умуман гўзал ҳолат эмас. Aйниқса, бу каби ҳолатлар ёши катта аёллар ўртасида кўпроқ учраяпти. Яъни “Ўғилларни қаторлаштириб туғиб қўйдим, уларни катта қилдим, уйли-жойли қилдим. Энди нима десам, шу бўлади, бутун “салтанат” меники бўлиши керак”, деб турмуш ўртоғига ҳам беписандлик билан муомалада бўлишмоқда. Ўғил ва келин ўртасида низо келиб чиқса ҳам қайнота аралашганини кам кўрамиз. Сабаби оилада аёлнинг айтгани айтган, дегани деган. Ҳаттоки, совчиликда ҳам, яъни ўғлига келин танлашда ҳам аёллар устунлик қилишади. Буни қарангки, баъзи аёллар вояга етган фарзандларига ҳам имкон бермайди.
Фарзандлар ҳам ота-она истаги вожиб экан деб, уларнинг барча ниятларини, у ҳаттоки нотўғри бўлса ҳам амалга оширишмоқда. Aйниқса, оналарининг. Aгарда фарзанд онасининг нияти нотўғри эканлигини ва уни бажаришни истамаётганлигини айтса, онаси уни “оқ” қилиши билан, норози бўлиши билан таҳдид қилади. Бу нафақат урф-одатларимизга, балки одамгарчилик нуқтаи назаридан ҳам хатодир. Буни қарангки, аёлнинг устун бўлиш туйғуси нафақат турмуш ўртоғининг, балки фарзандлари ва келинларининг ҳам хафа бўлишига олиб келади.
Aгарда оилада эркак киши раҳбар бўлса, юқоридаги каби нохуш ҳолатлар кузатилмайди. Нотўғри вазиятларда аёлига танбеҳ беради, тўғри йўлга бошлайди ва инсоф билан ҳукм чиқаради. Оилада эрдан устун бўламан, дейиш кибрга ҳам киради. Кибр эса катта гуноҳлардан биридир. Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) “Қалбида зарра кибр бўлганлар жаннатга кирмайди”, дея марҳамат қилганлар. Aгарда аёллар устунлик қилишга уринишмаса, кибрга берилишмаса оилаларимиз тинч бўлади, жамиятимиз ҳам соғлом бўлади. Вассаламу алайкум ва раҳматуллоҳу ва барокатуҳ.
Одинахон Муҳаммад Содиқ