Оғир кунимизда ҳам биргамиз, Худо хоҳласа тўйларимизда ҳам бирга бўламиз – Мирзиёев
Жамият
−
03 Май 2020
5873Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 3 май куни “Сардоба” сув омборида юз берган тошқин оқибатида юзага келган фавқулодда ҳолатни бартараф этиш ишлари билан танишиб, Сардоба туманидаги Қўрғонтепа маҳалласини бориб кўрди. Давлат раҳбари ушбу маҳаллада жойлашган хонадонлардан бирида бўлиб, аҳоли вакиллари билан мулоқот қилди.
“Уч кундан бери ҳаммамиз безовталикка тушиб қолдик, бошимизга шундай катта кулфат келди. Албатта, буни ҳали кўп-кўп таҳлилини қиламиз, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ўз гапларини айтади, барча чораларни кўрамиз.
Кўриб турибсизларки, сизлар бир ўзингиз эмассиз. Яшаш шароитларингизни тўғриламагунимизча, сизларни ташлаб кетмаймиз. Электр, газ, уй, кўрпача, телевизор – ҳаммасини инобатга оламиз. Бир куннинг ичида аскарларимиз, Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар ходимлари келди. Бу нимага қодир эканимизни кўрсатади. Сабр-тоқат билан икки-уч кунда бу вазиятдан чиқиб кетамиз. Кайфиятни яхши қилинглар.
Бу – бир кўргулик. Ташвиш ўз йўлига, лекин ақл ва тезкорлик билан буларни тозалаб олишимиз керак. Ўзим ҳам икки-уч кундан бери шу ердаман. Бир нарсани билингларки, токи хонадонларингизни саранжом қилиб, кўпларингизни янги уйларга кўчирмагунча мен тинчимайман. Билингларки, ўзим ҳам сизлардек, бутун жамоам билан шундай яшаймиз. Оғир кунимизда ҳам биргамиз, Худо хоҳласа тўйларимизда ҳам бирга бўламиз.
Бир ёмонликнинг бир яхшилиги ҳам бор. Яхшилигики – янги шаҳар, янги туман, янги кўча, янги маҳалла, янги обод қишлоқ қурамиз. Сизлар тинч — мен тинч, сизлар борки мен борман”, дейди давлат раҳбари.